
Шомуродов ғазабда бир зарба билан дарвоза тўрини тешмоқчи бўлди!
Элдор Шомуродов мавсумнинг энг қизғин палласида “Рома”нинг асосий фигурасига айланиб бормоқда. Клаудио Раньери кейинги пайтда ўзбек легионерини бошланғич таркибда ўйнатяпти.
29 ёшли форвардимиз Рим клубида асосий ҳужумчи Артём Довбикнинг ўринбосари леган тамғадан қутилиб, унинг рақобатчисига айланди.
“Эмполи”га қарши ўтказилган учрашувда Шомуродов илк дақиқалардан майдонга тушди ва ўйин давомида дарвозага иккита хавфли зарба берди. Бироқ биринчи гал тўп дарвоза тўсини тегиб қайтди, кейингисида дарвозабон зарбани қайтарди.
“Рома” сардори Лоренцо Пеллегрини бу вазият Элдорнинг ғазабини келтирганини айтди.
- Шомуродов гол урганида ишларимиз янада яхши бўларди. Элдор ўша вазиятда бироз жумбушга келди, мен унга яна гол уришимиз мумкинлигини айтиб, тинчлантиришга ҳаракат қилдим.
Шома қаттиқ ғазабланди. Менга кучли зарба билан дарвоза тўрини йиртиб юбормоқчи эканини айтди. Бироқ баъзан хотиржам ҳолда аниқроқ ўйнаган маъқул, - деди Пеллегрини.
Олдинда “Рома”ни янада муҳим ва мураккаб баҳс кутиб турибди. Рим “бўрилари” Европа лигаси доирасида Бильбаога сафар қилиб, “Атлетик” билан жавоб ўйинида тўқнаш келади. Римдаги учрашувда Элдор Шомуродовнинг сўнгги сониядаги голи “Рома”га ғалаба келтириб, минимал устунликни таъминлаб турибди.
Мутахассислар орасида Клаудио Раньери бўлажак беллашувда ўзбек футболчисини илк дақиқалардан ўйнатиши лозим, деган фикрни илгари сураётганлар кўп.
- Испаниядаги учрашувда асосий ҳужумчи сифатида Элдор Шомуродовни танлаган бўлардим. У кўп югуради, доим курашади, ҳатто гол урмаган тақдирда ҳам жамоа учун бор кучини беради.
Элдор ҳар доим ҳам ҳужумни самарали якунлай олмайди. Масалан, “Эмполи” билан бўлган ўйинда Лоренцо Пеллегринидан пасни қабул қилиб олганидан кейин тўпни зарбага мослаштириб, дарвозага жойлаш ўрнига, бор кучи билан тепди. Шунга қарамай, Шомуродов жамоавий ўйиннинг муҳим иштирокчиси бўлиб, зарур пайтда керак жойда пайдо бўлишни билади, - деди айни пайтда футбол шарҳловчиси бўлиб ишлаётган “Рома”нинг собиқ ҳужумчиси Чиччо Грациано.
Футбол мураббийи ва эксперти Андреа Страмаччони жамоада ўзбек легионерининг аҳамияти ошиб бораётганига эътибор қаратди.
- Элдор Шомуродовнинг “Олимпико”да “Атлетик” дарвозасига киритган голи жуда муҳим аҳамиятга эга. Илгари бу футболчи ўйин давомида кийим алиштиришга ҳам улгурмас эди. Бильбаоликларга қарши беллашувда захирадан майдонга тушган бўлса-да, римликлар учун муҳим ўйинчига айланди. Дастлаб, рақибнинг қизил карточка олишига сабабчи бўлди, кейин жамоасига 2:1 ҳисобида ғалаба келтирган голни урди. Мана шу айнан Клаудио Раньерининг катта кўламдаги ишлари самарасидир, - деди Андреа Страмаччони.
Европа лигасининг чорак финалига чиқиш учун ўтказиладиган жавоб учрашуви 13 март куни Испанияда бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22:45 да бошланади.
Фикрлар