Гвардиола Клоппга қарши. Ким кучлироқ?

Клопп АПЛда “Ой мураббийи” мукофотини олиш бўйича Гвардиолани ортда қолдирди. Келинг, иккала мураббийни солиштириб кўрамиз.

Klopp

Фаолият. Гвардиола (13 йил) vs Клопп (19 йил)

Пеп фаолиятини 2007 йилда бошлаган. Илк жамоаси “Барселона Б” бўлган ва бир йилдан сўнг Каталониянинг асосий жамоасини бошқарган ва ўз тарихини ўчмас қилиб ёза бошлади. “Барса”дан кейин “Бавария” ва “Ман Сити”ларни бошқарди. Ўзи ишлаган жамоалари ўз чемпионатларининг етакчилари ҳисобланишган ва ҳар бир ишлаган жамоасида энг ками 2 мартадан олтин медалларни қўлга киритган. Пеп Клоппдан фарқли равишда доим гранд жамоаларни бошқарган. Унинг қўл остида доим юлдуз футболчилар жамланган.

Келаси йил мураббийлик фаолиятини бошланганига 20 йил бўлишига қарамасдан Клопп ҳам шу пайтга қадар 3 та жамоани бошқарган. Гвардиола “Барса” тарихини Хави, Иньиеста, Месси каби футболчилар билан ёзишни бошлаган бўлса, Клоппда бундай имконият бўлмаган. Юргеннинг илк жамоаси “Майнц” бўлган ва жамоа иккинчи Бундеслигада эди. Бир неча йилдан сўнг жамоани элитага олиб чиққан. Кейин эса 7 йил мобайнида Дортмунднинг “Боруссия”сини бошқарди. Айнан Дортмундда у топ классдаги мураббий мақомига эришди. 2015 йилда эса “Ливерпуль”ни қабул қилиб олди.

Жамоавий совринлар. Гвардиола vs Клопп = 28:8


Жамоавий совринлар бўйича Пеп рақибидан 3,5 баравар юқорида. Юрген 8 та финалдан 2 тасини юта олган, миллий чемпионатни эса 2 марта қўлга киритган Дортмунднинг “Боруссия”си билан. Хосеп эса “Барса”, “Бавария”, “Манчестер Сити” билан бирга 8 марта олтин медални қўлга киритган. Пеп 2 марта Чемпионлар лигасида зафар қучган ва худди шунчадан УЕФА суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Немис мураббийи эса бир марта Чемпионлар лигаси шоҳсупасини забт этган.

“Сарфланган пуллар” Гвардиола (1,15 млрд евро) vs Клопп (648 млн евро)
Ҳар бир совриннинг ўзига хос “нархи” бор. Пеп ва Клопп ишлаган жамоалар футболчилари учун қанча пул сарфлашган? Қимматбаҳо совринларни қўлга киритиш учун албатта маҳоратли футболчиларни олиб келиш керак. Агар ҳисоблайдиган бўлсак, ҳар бир соврин учун Гвардиола жамоаси 41 млн евро, Клопп жамоаси эса 81 млн евро сарфлаган. Клопп 2 баравар олдинда. Лекин Юрген 7 йил “Майнц”да ишлаганини, “Боруссия” ўртамиёна жамоа пайтида мураббийлик постига келганини ҳисобга олиш керак. Пеп қўл остида эса шундоқ ҳам юлдуз футболчилар бўлган (Месси, Хави, Иньиеста, Бускетс, Пике, Алвеш, Мюллер, Роббен, Рибери, Нойер, Агуеро, Де Брюне, Стерлинг ва бошқалар) Шунинг учун Пеп футболчи сотиб олишга бош қотирмаган.

Сотиб юборилган футболчиларга кўра эса иккала мураббий деярли тенг кўрсаткич қайд этиб турибди. Юрген Клопп қўл остидаги футболчилар 462 млн еврога сотилган бўлса, Гвардиола қўл остидагила эса 450 млн еврога сотиб юборилган. Лекин қўйиб юборилган футболчиларга қарайдиган бўлса, Пеп асосан жамоа учун ортиқча бўлиб қолган ва ёши ўтиб қолган футболчилар билан хайрлашган. Юрген эса қимматли футбочиларидан ажралишга тўғри келган. Масалан, Коутиньо, Кагава, Шахин кабилар. Пеп эса ўзининг асосий футболчиларини сотиш муаммосига дуч келмаган.

Ўзаро ўйинлар. 18 та = 9 та ғалаба Клоппда 2 та дурранг ва 7 та ғалаба Гвардиолада. Голлар: 26-26

Клопп Гвардиоланинг энг ноқулай рақиби ҳисобланади. Пеп фаолияти давомида ҳеч бир мураббий билан Клоппга қарши ўйнаганчалик кўп ўйин ўтказмаган. Ўзаро ўйинлар сони 20 га яқинлашяпти деярли. Бу кўрсаткичга шу мавсумни ўзидаёқ етиш мумкин. Агарда, “шаҳарликлар” ва “қизиллар” фақат АПЛда эмас, Англия Кубоги ва Чемпионлар лигасида тўқнаш келишса.

Индивидуал совринлар
Гвардиола 2 марта дунёнинг энг яхши мураббийи ва 2011 йилда ФИФА сўровномаси бўйича йил мураббийи бўлган. Клопп эса 2019 йилда дунёнинг энг яхши мураббийи совринига эга бўлди. Хосеп 2 марта АПЛда мавсумнинг энг яхши мураббийи (2017/18 ва 2018/19) бўлган бўлса, Клопп эса бундай натижага эришгани йўқ. Катта эҳтимол билан шу мавсум охирида бу натижага эришиши мумкин. АПЛда “Ой мураббийи” соврини бўйича эса Клопп олдинга чиқиб олди. Унда 8 та бўлса, испан мураббийида 7 та бундай соврин мавжуд.