Гвардиола Мессига Кейнни шерик қилмоқчи?!

Бир нечта инглиз нашрлари Кейннинг «Манчестер Сити» сафига бориб қўшилиши ҳақида бонг урмоқда. Бунга ишониш қийин, аммо «Сити»га ушбу трансфер жуда муҳим. Бугун бироз ушбу миш-мишлар ҳақиқатга қай даражада яқин эканлиги борасида бош қотирамиз.

Агуэро ва Жезус борку?!

ag1

Аслида, марказий ҳужумчи харид қилиш учун клубда бунга эҳтиёж бўлиши лозим. Айниқса, нишондаги ҳужумчи 100 миллион еврога баҳоланаётган бўлса. Агар бу пунктга эътибор берсак, Кейннинг трансфери «шаҳарликлар» учун муҳим эканлигини дарров англаймиз. Сабаби, оддий: Агуэро 33 ёшни «уриб» қўйди. Боз устига, унинг клуб шартномаси йил сўнггида якунига етади. Жароҳатлар билан ўралашиб қолган форвардга жамоа янги шартнома таклиф этмаслиги аниқ.

Серхио бу мавсумда АПЛда атиги 103 дақиқа тўп сурди, холос. Жезусга стабиллик етишмайди. Бразилиялик футболчи 2 та ёрқин ўйин ўтказгач, 2 ҳафта ўзига кела олмай қолишига бир неча бор гувоҳ бўлганмиз. Жезус ортда қолган 14 та ўйиннинг 7 тасидагина майдонга тушди. Ҳатто Агуэро жароҳат олган пайтларда ҳам Пеп Гвардиола Жезуснинг ўрнига бошқа футболчиларни ҳужум марказида майдонга ташлади. Аслида, Габриель анча аввалроқ «Сити»ни тарк этмоқчи эди. Сўнгги бор ўтказилган «Копа Америка»дан кейин, Габриель ўзи учун янги жамоа излашни бошлаб юборган эди. «The Athletic» нашрининг маълум қилишича, футболчи ёзда гранд клублардан бири билан шартнома имзолашга яқин эди, бироқ пандемия барчасини барбод қилди. Агуэрони ҳам жамоа бежизга олиб қолгани йўқ. Пеп қишдаёқ аргентиналик ҳужумчини трансферга қўймоқчи эди. Лео Мессининг трансфери борасида миш-мишлар пайдо бўлгач, «шаҳарликлар» Агуэрони Месси учун курашда ғолиб чиқиш учун қурол сифатида таркибда олиб қолди. Кун Агуэро ва Месси бир неча йиллардан бери қалин дўст эканлиги трансфернинг амалга ошишини тезлаштириб юбориши тахмин қилинган бўлса, ажаб эмас. Агар қишда манчестерликлар Месси билан шахсий шартнома борасида келишувга эришса, ёзда Агуэрога яна бир йиллик шартнома таклиф этилади.

Гвардиола фаворитни аниқладими?!

ag2

«Манчестер Сити» услуби учун аслида Роберто Фирмино типидаги ҳужумчилар кўпроқ мос келади. Марказий ҳужумчилардаги муаммолар сабабли Пеп Стерлинг ёки Ферран Торресни марказий ҳужумда тўп суришга мажбур қилмоқда. Афсуски, бу йигитларда «қотиллик» инстинкти жуда паст. Шу боис, улар голларни қалаштириб ташлай олмайди. Аслида, сўнгги йилларда «Манчестер Сити»нинг трансфер бозорига чиқиши ҳақида турли фикрлар янграмоқда. Шу кунга қадар «шаҳарликлар» Лаутаро Мартинес, Алексис Санчес ва Эрлинг Холанд трансфери ҳақида бош қотирди, бироқ Жезус-Агуэро тандеми бунга ҳожат қолдирмади. Энди эса, улар секин-аста четга чиқиб бормоқда. Уларнинг ўрнини Пеп Харри Кейн билан тўлдиришга қодир. Кейн Англия терма жамоаси сардори бўлса-да, ҳали бирорта соврин ютгани йўқ! Тасаввур қиляпсизми? Бирорта ҳам соврин ютмаган супер форвардга АПЛ ғолиблиги учун асосий даъвогарлардан бири таклиф билан чиқмоқда. Боз устига, «шаҳарликлар» «шпорлар»дан бир неча баробар каттароқ маош тўлашга қодир. «Тоттенхэм» учун ҳам бу трансфер жуда муҳим. Ўзининг бизнес режаларини амалга ошириш билан банд Даниэль Леви клуб анча қарзга ботиб қолганини сезиб турибди. Катта кредитлар эвазига қурилган стадион пандемия сабабли ҳеч қандай фойда келтирмаяпти. Левининг режаларини пандемия бузиб ташлади. Энди қарзлар улкан фоизлар «туғиб» ташламаслиги учун ҳам тезда клубни қутқариш лозим. Кейннинг трансфери мухлисларни хафа қилиши мумкин, бироқ Леви учун қулай имконият. «Манчестер Сити» клуби 2020 йилда «Партизан»да ўзини кўрсатган 18 ёшли ҳужумчи Стевановични 8 миллион евро эвазига сотиб олган. Уни «Манчестер Сити» исталган пайтда ўз қароргоҳига чақиртириши мумкин. Агар Кейн таркибга қўшилса, катта эҳтимол билан серб футболчиси захира форвардига айланади.

Кейн «Сити»ни кучайтира оладими?

ag3

Агар турнир жадвалига қарайдиган бўлсак, «Сити»нинг аҳволини оғир деб бўлмайди. Захирадаги иккита ўйинда 6 очко қўлга киритилса, турнир жадвалида етакчилик қилаётган «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» билан ўртадаги фарқ минимал кўринишга келади.
Айни дамда кўплаб мутахассислар Европа Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш учун «Сити»ни «Бавария»дан кейинги фаворит сифатида кўрсатмоқда. Шундай экан, «шаҳарликлар» ўсиш учун олдинга қадам ташлаши лозим. Энг муҳими, «Манчестер Сити»да молиявий имкониятлар чегараланмаган. Клуб ортиқча қийинчиликсиз таркибни кучайтириб олиши мумкин. Пеп Гвардиола ҳар мавсум 50-60 миллион еврога ҳимоячи оладиган одат чиқарди. Марказда Кевин Де Брюйне бошчилигидаги йигитлар ўз ишини муносиб уддаламоқда. Ҳужумда эса, муаммолар мавжуд. Шу боис, мутахассислар жамоани ЕЧЛ ғолиблиги учун биринчи рақамли даъвогар сифатида кўрмаяпти.
Кейн чинакам гол машинаси. Боз устига, у Агуэродан беш ёшга кичикроқ. Жисмонан бақувват ва муаммосиз 90 дақиқалик прессингда иштирок эта олади. Эътиборлиси шундаки, Жозе уни нафақат якунловчи, балки сифатли вазият яратувчи футболчи эканлигини ҳам кўрсатиб берди. Кейн 15 та ўйинда 10 та ассистни амалга оширишга муваффақ бўлди. Қўшимчасига 9 та гол ҳам унинг ҳисобида мавжуд. Бу кучли бешлик аъзолари ичидаги энг яхши натижа бўлиб турибди. Ҳозирда, Кейн нафақат гол киритиш, балки жамоа учун ҳам тўп суришга қодир эканлигини кўрсатиб қўйди.
«Манчестер Сити» Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониши учун биринчи навбатда олдинги чизиқни кучайтириши лозим. Бунинг учун бир нечта футболчини трансферга қўйиш даркор. Боз устига, ёзда Лео Месси билан шартнома тузилиши мумкин. Агар Месси келса, Кейн бемалол марказда тўп суриши мумкин. Бу икки трансфер «шаҳарликларни» узоқ кутилган улкан ғалабага эришиш учун ташланган катта қадам бўлиб хизмат қилиши аниқ. «Шаҳарликлар»нинг раҳбарлари бутун бошли УЕФА билан судлашиб ғалаба қозонди. Уларга бу трансферларни амалга ошириш ортиқча муаммо туғдирмайди.

Европани забт этиш мақсадида араб шайхлари пулларни аяб ўтирмаяпти. Тан олиш лозим, Пеп сўнгги йилларда амалга оширган ишлари билан ҳеч бўлмаганда, ЕЧЛнинг финалида тўп суришга ҳақли эди. Афсуски, ҳар сафар сўнгги зарбани йўллашда футболчилар оқсамоқда. Айниқса, марказий ҳужумчилар катта саҳнага чиқиши керак бўлган ўйинларда «Сити» оқсамоқда. Балки, Кейннинг трансфери жамоани янги даражага кўтарилишида муҳим роль ижро этар. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Яхёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!