Гвардиола “Сити”ни кимга топшириши кераклиги айтилди
Англия футболи афсонаси Уэйн Руни “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоадан кетса, унинг ўрнини қайси мутахассис эгаллаши кераклиги ҳақида ўз фикрини билдирди.
Хосеп Гвардиоланинг “шаҳарликлар” билан шартномаси 2027 йилнинг ёзигача тузилган. Бироқ испаниялик мутахассис жорий мавсум якунланганидан кейин клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар чиқяпти.
- Агар Гвардиола “Манчестер Сити”ни тарк этса, клуб раҳбарияти унинг ўрнига Венсан Компанини олиб келиши мақсадга мувофиқ бўлади. Компани клубни жуда яхши билади, “Бавария”да ҳам шунга ўхшаш юқори талаблар шароитида муваффақиятга эришди.
Венсан мураббийлик ишида Пепдан кўп нарсани ўрганган. Менимча, Гвардиола ўзидан кейинги мураббийни танлашда клубга ёрдам беради. Катта эҳтимол билан у ўз ворисини излашни бошлаб юборган, - деди Руни BBC Sport журналистларига.
Хосеп Гвардиола 2016 йилдан бери “Манчестер Сити”ни муваффақиятли бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида жамоа клублар миқёсидаги барча мусобақаларда ғолиб чиққан.
Фикрлар