Гвардиола захирадан тушган Ҳусановнинг ўйинига баҳо берди

АПЛнинг 26-турида "Манчестер Сити" ўз уйида "Фулхэм" жамоасини қабул қилиб, йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу учрашувдан сўнг "шаҳарликлар" бош мураббийи Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида иштирок этиб, бир қатор футболчиларнинг ўйинини юқори баҳолади.

Бернарду Силва ҳақида:

"Бернарду Силвани алмаштириб бўлмайди. Агар у майдонда бўлмаса, биз бошқа тизимда ўйнашга мажбур бўламиз. У дарвозабонгача босим қилади, кейин Родрига ҳужумни қуришда ёрдам беради. Айрим пайтларда эса, “Энфилд”да бўлгани каби, ўнг қанотга ўтиб, ҳал қилувчи паслар ёки узатмалар амалга оширади".

Ўйин ҳақида:

"Жамоанинг ўйини жуда яхши бўлди. Айниқса, “Энфилд”дан кейин — у ерда биз учун жуда муҳим ва ҳиссиётларга бой учрашув ўтказгандик. Бу мавсумдаги энг яхши ўйинларимиздан бири деб ҳисоблайман.

Кейинги ўйин ҳар доим қийин кечади. Бугун уйда ўйнаганимиз — бу омадимиз. “Фулхэм”га қарши биринчи даврадаги сафар ўйинида эса жуда қийналгандик.

Иккинчи таймда прессингда айрим жиҳатларни тўғриладик. Улар фаолроқ бўлишди. Бернарду ҳам, Родри ҳам чарчади. Биринчи таймда улар тўп йўқотмади. Орқа чизиқ эса жуда мустаҳкам ўйнади".

Ҳусанов ҳақида:

"Иккинчи таймда Матеуш Нунеш чарчади ва сўнгги дақиқаларда керакли даражада ўйнай олмади.

Унинг ўрнига майдонга тушган Абдуқодир Ҳусанов эса ўзининг ажойиб эътибори ва диққати билан жамоага барқарорлик олиб кирди. Умуман олганда, барча футболчиларнинг ўйини ва натижасидан жуда мамнунмиз".

Нико О’Райли ҳақида:

"Унинг даражаси жуда юқори. Бизга майдонда жисмоний куч керак, чунки тўп билан ҳар доим ҳам мукаммал ўйнай олмаймиз. Агар етарлича кучли бўлмасак, рақобат қилиш қийин.

Бернарду, Родри ва Нико билан бизда мустаҳкам асос бор. Антуан билан эса прессингда ритм ва тезлик пайдо бўлади. Бир-биримизга яқин ўйнашимиз шарт — ҳимояланишнинг ягона йўли шу. Биринчи таймда бу жуда аъло даражада чиқди.

Мен доим айтаман, Никонинг ҳужумга қўшилиши жуда тез. Голли вазиятда Эрлинг тўпни ушлаб турди, шундан сўнг Нико ва Антуаннинг ҳаракати ажойиб чиқди."

"Салфорд"га қарши ўйин ҳақида:

"Энди “Салфорд” билан ўйнаймиз, кейин дам оламиз. Тақвим жуда оғир — “Арсенал” каби кучли рақиблар бор. Яхшиямки, ҳафтанинг ўртасида ўйин йўқ.

Жуда қийин даврни бошдан кечирдик, жароҳатлар ҳам кўп бўлди. “Салфорд”дан кейин 2–3, эҳтимол 4–5 кун дам олишимиз керак. Март ойига кириб боргунча навбатдаги икки ўйинга тайёргарлик кўрамиз".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!