Ҳакам ўзбекистонлик легионер бурнини синдириб, уни нокаут қилганини айтди!
Тобора кўпроқ мусобақаларда фойдаланилаётган VAR тизими борасида кўплаб фикр-мулоҳазалар янграмоқда. Аслида бу тизим ҳакамларнинг ишини осонлаштириш, ҳакамнинг назаридан четда қолган муҳим вазиятларга аниқлик киритиш мақсадида футболга тобора кенг тадбиқ этиб борилмоқда.
Айри мутахассислар, мухлислар, футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар VAR тизимининг ижобий томонлари кўплигини таъкидламоқда. Бироқ, видеотакрорлардан фойдаланиш футбол жозибадорлигига салбий таъсир қилмоқда, футбол хатолар билан ҳам қизиқарли ва томошабоп, деган муносабатларни билдираётганлар ҳам кам эмас.
Яқинда VAR тизимининг яна бир жиҳати бўйича янги гап чиқди. Айрим мутахассислар учрашувни бошқараётган ҳакам ва видеоассистент ўртасидаги суҳбатни стадионда эшиттириш кераклиги бўйича фикр билдиряпти. Улар суҳбатнинг шаффофлигини таъминлаш зарур, деб ҳисобламоқда.
Россиялик собиқ ҳакам Александр Егоров бу таклифнинг салбий жиҳатларини очиб берар экан, ўзбекистонлик легионер Виталий Денисов иштирокидаги қизиқ воқеани ҳам ёдга олди.
- Агар суҳбат омма эътиборига ҳавола этилса, у ерда жуда кўп номаъқул гаплар ўтиб кетади. Баъзан ўйин қизиб турган пайтда вазиятни муҳоакама қилишда адабий сўзларга мос келмайдиган иборалар кўп ишлатилади. Масалан, шошилиб турганда “афроамерикалик” иборасини ишлатиб қўйсак, уни эшитганлар ирқчилик бўйича айблов эълон қилади. 90 дақиқа давомида адабий ва техник сўзлардан иборат нутқдан фойдаланиш ва уни эшитиш жуда оғир.
Бир пайтлар “Кубан” – “Локомотив” ўйинини бошқарганимда юз берган воқеа эсимдан чиқмайди. “Локомотив” ҳимоячиси Виталий Денисов бир метр масофадан кучли зарба йўллади. Тўп тўғри юзимга, яъни бурнимга тегди. Нокдаун бўлдим. Бутун мухлислар овози борича боксдаги каби “бир, икки, уч...”, деб санай бошлади.
Ёрдамчим алоқа воситаси орқали “йиқилма, ўзингни тутиб ол, тур ўрнингдан ...” деб охирида сўкиниб юборди. Шу гапларни биров эшитишининг нима кераги бор? Кейин танаффус вақтида кўзгуга қарадим, Денисовнинг зарбасидан кейин бурним синган, кўзим кўкарган экан, - деб эслайди Александр Егоров.
Дарҳақиқат, 2013 йилнинг 2 декабрида бўлган ўша учрашувда Виталий Денисов жамоаси 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган. Ҳамюртимиз ўйинда тўлиқ ҳаракат қилиб, жамоасининг ғалабасига муносиб ҳисса қўшган.
Ўша чемпионатда “Локомотив” футболчилари учинчи ўринни эгаллаб, Денисов ҳам бронза медаль билан тақдирланган.
Айни пайтда Виталий Денисов Миллий футбол лигасида “Томь” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Виталий Денисов Россия футболида энг кўп совринга эга бўлган ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади. Тажрибали футбочимиз фаолияти давомида премьер-лигада ЦСКА, “Локомотив”, “Крилья Советов”, “Рубин” каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. “Армиячилар” сафида икки марта мамлакат кубоги соҳиби ва УЕФА кубоги ғолиби бўлган. “Локомотив”да Россия чемпионатининг олтин ва бронза медалларини, икки марта мамлакат кубогини қўлга киритган.
Ўрунов бўйича муҳим янгилик!
“Юве” нишонидаги Шомуродов рақобатга дош беролмаяпти!
Фикрлар