Ўрунов бўйича муҳим янгилик!
Россия премьер-лигасидаги ягона легионеримиз Остон Ўруновнинг легионер сифатидаги фаолияти бир текис кетмаяпти. Ўтган мавсумда Тошкентнинг “Локомотив” жамоасидан “Уфа” кўчиб ўтганидан кейин Россия чемпионатидаги кератив ўйини билан кўплаб мутахассислар ва мухлисларнинг эътиборини қозонган ёш ярим ҳимоячимиз ёзда “Спартак”га кўчиб ўтганди.
Хабарингиз бор, Остон Ўрунов “Спартак” жамоасида ўйнаб кета олмади. Бунга объектив ва субъектив сабаблар етарли.
Биз учун аҳамиятлиси эса, Ўрунов 2022 йили Қатарда бўладиган жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси экани. Мураббийлар ҳам, мухлислар ҳам унинг мамлакатимиз бош жамоасида етакчилардан бирига айланишини кутмоқда.
Аслида терма жамоамиз тарихига назар солсак, етакчи футболчилар асосан майдон марказида тўп тепганини кўришимиз мумкин. Бунга Миржалол Қосимов, Сервер Жепаров ва Одил Аҳмедовни мисол қилса бўлади. Терма жамоамизнинг айни пайтдаги етакчиси ва сардори Одил Аҳмедовнинг ҳам ёши ўтиб бормоқда. Айнан мана шу омил Остон Ўруновнинг яқин келажакда терма жамоада муҳим ўрин эгаллаши ва етакчилик ролини Одилдан қабул қилиб олиши кераклигини кўрсатиб турибди.
Остон Ўрунов “Спартак” захирасида имкониятини кутиб ўтиришдан кўра, “Уфа”га қайтиб ўйин амалиётига эга бўлишни маъқул кўрди. Унинг бу қарорини кўплаб мутахассислар қўллаб-қувватлади. Ҳар ҳолда уфаликлар сафида анча фаол ўйнай бошлади ва премьер-лигада бешта учрашувда майдонга тушди.
Ҳозир кўпчиликни премьер-лиганинг 26-туридан ўрин олган “Спартак” ва “Уфа” ўртасидаги учрашув қизиқтириб турибди. Бу ўйин легионеримиз учун муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, асли “Спартак”га тегишли бўлган ва “Уфа”га мавсум охиригача ижарага берилган Остон Ўрунов бу ўйинда иштирок этиш ҳуқуқига эгами?
Бу саволга Остон Ўруновни ўзи билан “Спартак”га олиб келган ва кейинчалик худди у каби “Уфа”га қайтган бош директор Шамиль Газизов ойдинлик киритди.
- “Спартак” билан Ўрунов ижараси бўйича келишувда футболчининг уларга қарши ўйнамаслиги борасида ҳеч қандай банд йўқ. Демак, Остон бўлажак беллашувда майдонга тушишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ, - деди Шамиль Газизов.
“Спартак” ва “Уфа” ўртасидаги ўйин бўйича яна бир муҳим янгиликни таниқли менежер Юрий Белоус эълон қилди. Маълумки, бу мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов билан дўстона алоқаларга эга ва ўзбек футболчиларини Россия клубларга жойлаш ҳаракатида эканини кўпчилик яхши билади.
Юрий Белоуснинг айтишича, Москвада бўладиган “Спартак” ва “Уфа” учрашувида Остон Ўруновнинг ўйинини бевосита кузатиш учун Вадим Абрамов ташриф буюради.
- Вадим Абрамов Минскда бўлди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган футболчилардан бирининг ўйинини кузатди. Шанба куни “Спартак” ва “Уфа” ўртасидаги ўйинга келиб, Остон Ўруновни кузатишни режалаштирган. Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов ҳам номзодларни кузатиш учун хориждаги ўйинларга боради. Абрамов Остоннинг ўзи ва ўйини қай даражада эканини билмоқчи. Телевизордан томоша қилиш ва стадиондан бевосита кузатиш ўртасида катта фарқ бор, - деди Юрий Белоус.
Вадим Абрамов Остон Ўруновни яқинда Наманган ва Тошкентда бўлган Гана ва Ироқ терма жамоаларига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларига таклиф қилганди. 20 ёшли ярим ҳимоячимиз ҳар икки баҳсда майдонга тушди ва ўз ҳисобига битта голли узатма ёздириб қўйди.
Фикрлар