Ҳамиджон Актамов: "Ростакамига бу йил ПФЛ зўр ишлаяпти"

Навоийлик мутахассис Ҳамиджон Актамов футбол ишқибозларига жуда яхши таниш. Айниқса, “Қизилқум”даги фаолияти орқали яхшигина ном қозонган.

Ўзбекистон Кубоги финалини ҳамма қатори Актамов ҳам кузатди. Sports.uz мухбири эса ушбу мутахассис билан боғланди.

- Ўзбекистон Кубоги финалида “Насаф” ОКМКни мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритди. Ўйин сиз кутгандек ўтдими?

- Ўйин зўр бўлди. Финалга мос учрашув кўрдик. Тўғрисини айтсам, охирги пайтларда бундай ўйинни кузатмагандим. “Насаф” ҳам, ОКМК ҳам зўр ўйнади. Омад деган нарса бор. Тенг ўйин бўлди. Пенальти ҳаммасини ҳал қилди. “Насаф” яратган атмосфера ёқди. Мухлислар стадионда худди европача муҳитни яратдилар. Қашқадарёда ҳамма вақт мана шундай ўйинлар зўр ўтган. Ишқибозлар стадионни тўлдириб турадилар. Чиройли бўлди. Ҳеч кимга пахта қўймайман, ростакамига бу йил ПФЛ зўр ишлаяпти. Ташкилотчилик томонидан ажойиб бўлди.

- Белгиланган пенальтига қандай муносабатдасиз?

- Пенальти масаласида ҳеч нима дея олмайман. Охирги пайтларда ҳамма шунақа мавзуни муҳокама қиляпти. Биз билмаймиз, буни ҳакамлар ҳал қилади.

актамов

- Сизни яна футболда кўришимиз мумкинми?

- Худо хоҳласа, шунақа ниятим бор. Кўрамиз.

- Собиқ клубингиз – “Қизилқум”нинг бу йилги иштирокига қандай баҳо берасиз?

- “Қизилқум” иккинчи даврада яхши ҳаракат қиляпти. Ижобий ўзгаришларга қўл урди. Жамоа ўйини яхшиланган. Бу – футбол. Яна нима дейман? Жамоа иккинчи даврада кучайди. Буни натижалари ҳам кўрсатяпти.

актамов1

- “Қизилқум” ўйинларини стадионда кузатяпсизми?

- Ҳа, ўйинларига бориб тураман. Бир-иккита учрашувларда омади келмади. Лекин омад келади. Умумий маънода, клуб яхши ўйин кўрсатяпти.

- Чемпионликка “Пахтакор” жуда яқин турибди...

- Ҳа, барибир шубҳасиз “Пахтакор” чемпион.

- Бу йилги чемпионатимиз сизга ёқяптими?

- Яхши, қизиқарли ўтяпти. Ҳали ким лигани тарк этиши ва ғолиб бўлиши аниқ эмас. Шунақа бўлса, футболимизда ўсиш бўлади. ПФЛ чемпионатни яхши ўтказяпти, қойил.

актамов3

- Лекин “Бухоро” муддатидан олдин Суперлигани тарк этди...

- Ҳа, 2 та тур олдин шундай бўлди. Олдинлари 10 ёки 8 та тур олдин ким тушиб кетиши маълум бўлиб қоларди. Ҳали “Турон”да ҳам, “Қизилқум”да ҳам имконият бор. “Сўғдиёна” ҳам қолиш учун курашяпти. Бу жамоа ҳам хавфли ҳудудда турибди, ҳали вазифасини бажаргани йўқ.

- “Қизилқум”ни жон сақлаб қолишига қанчалик ишоняпсиз?

- Албатта, “Қизилқум”га омад тилайман ва лигада қолишининг тарафдориман. Футболчилардан борларини бериб ўйнашларини илтимос қиламиз. Иккала учрашувда яхши натижа кўрсатса қолиши мумкин. Ҳаммага омад тилайман.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!