"Ҳаётда ким таваккал қилмаса, у ютмайди" - испаниялик мураббий "Металлург"нинг халоскорига айланмоқчи ёхуд Суперлига даражасига қандай баҳо берди?
Суперлигада жон сақлаб қолиш учун йўлида курашаётган Бекободнинг “Металлург” клуби учун ҳам ҳозирги вазият қалтис бўлиб турибди. Аслида жамоанинг хавфли ҳудудга тушиб қолишини кўпчилик кутмаганди. Аммо кўплаб ўйинлардаги мағлубиятли сериялар туфайли “Металлург” ҳозирги аҳволга тушиб қолди.
Бош мураббий Жасур Абдураимов қониқарсиз натижалардан кейин клубдан кетганини биласиз. Унинг ўрнини эгаллаган испаниялик Луисма Эрнандеснинг олдига жамоани элитада сақлаб қолиш вазифаси қўйилган.
Ёдингизда бўлса, у аслида ҳамкорликда ташкил этилган “El Golazo” академиясида иш бошлаганди. Кейинчалик раҳбарият Эрнандесни Абдураимовнинг ўрнига таклиф қилди. Афсуски, бекободликлар ҳали мағлубиятлар гирдобидан қутулгани йўқ. Клуб охирги марта 15 сентябрь куни сафарда “Андижон” устидан эришган ғалабаси ҳалигача ягона бўлиб турибди ва қизиғи бу иккинчи даврадаги биринчи ва охирги муваффиқиятли ўйини бўлиб қолмоқда. "Металлург"нинг испаниялик бош мураббийи Sports.uz сайтига интервью берди.
- Жаноб Эрнандес, сизни юртимизга академияда ишлаш учун таклиф қилишганди. Кейинчалик "Металлург" клуби бош мураббийига айландингиз. Бу таклиф сиз учун кутилмаганда бўлдими?
- Тўғрисини айтадиган бўлсам, раҳбарият менинг академияда амалга оширган профессионал ишларимни кўриб, менга асосий жамоани ишониб топширганидан ўзимни бахтли ҳис қиляпман. Қолаверса, бундай имкониятнинг менга тақдим этилгани бироз сюрприз ҳам бўлди. Сабаби, кутилмаганда асосий жамоани менга ишониб топширишларини айтишди. Катта жамоаларда ишлаш тажрибамга келадиган бўлсак, 2018 йилдан 2020 йилгача Жанубий Кореянинг “Тэгу” футбол клубида ўринбосарлар жамоасида бош мураббий, кейин асосий жамоада таҳлилчи мураббий сифатида фаолият олиб борганман. “Тэгу” Жанубий Корея кубоги ғолиби ва ҳозирги кунда Осиё Чемпионлар лигасида икки йилдан бери ўйнаб келяпти. Қолаверса, 2014 ва 2016 йилларда икки мавсум давомида Кувайт премьер-лигасидаги “Ал-Ярмук” клубининг бош мураббийи сифатида ҳам ишлаганман.
- "Металлург" ҳозир қийин вазиятда. Бу жамоани бошқаришингиз сиз учун катта таваккалчиликми?
- Дарҳақиқат, клубнинг ҳозирги ҳолати яхши эмас, қийин аҳволда. Лекин ҳаётда инсон қийин қарорларни қабул қилиши ва шу билан бирга жасур бўлиши талаб этилади. Биз кучни бир жойга йиғиб, қаттиқ меҳнат қилишимиз керак. Ҳозирги ҳолатни ўзгартириш учун албатта курашишимиз шарт. Ҳаётда ким таваккал қилмаса, у ютмайди. Клуб, Бекобод шаҳри ва унинг мухлислари - жамоа учун курашишга арзийди. Албатта, “Металлург” Суперлигада қолишга лойиқ жамоа.
- Клубни Суперлигада олиб қолиш асосий вазифа. Яна иккита тур қолди. Имконият қандай?
- Худди шундай бизни олдинда иккита жуда муҳим тур ўйинлари кутиб турибди. Ҳозирча чемпионатда ўзимизга боғлиқ ҳолда йўлимизда давом этяпмиз. Бу эса энг муҳимидир. Хотиржамлик, тўғри ишлаш орқали ўйинларни ютишимиз мумкин. Қолган рақобатчиларимизга келсак, улар икки тур давомида ўзаро тўқнаш келади. Шу боис, ҳар доим яхшисига умид қилишимиз керак. Шу билан бирга ўз ўйинимизга жиддий эътибор қаратишимиз лозим.
- "Металлург"даги ички муҳит қандай? Футболчиларнинг салоҳияти қанақа?
- Кундан-кунга руҳий ҳолатимиз яхшиланиб бормоқда. Жисмоний ва тактик жиҳатдан қаттиқ меҳнат қилишда давом этяпмиз. Баъзи жамоаларда бўлгани каби клубимизда ҳам жароҳатланган ўйинчилар бор. Ёши катта тажрибали футболчилар ёрдам бермоқда. Ёшлар эса ўзининг хоҳиши билан меҳнат қиляптилар. Биргаликда ягона мақсадимиз сари курашяпмиз. Ягона мақсад эса “Металлург”ни Суперлигада олиб қолиш.
- Клуб раҳбарияти билан келишув қандай бўлган? Ҳаммаси натижага боғлиқми ёки нима бўлишидан қатъи назар, келаси йили ҳам "Металлург"ни бошқарасизми?
- “Металлург”да узоқ вақт қолиш ниятидаман. Томонлар бу ҳамкорликдан манфаатдор. Ҳозирги эътиборимизни қолган иккита турдаги биз учун финалга тенг бўлган ўйинларга қаратишимиз керак. Менинг барча фикру-зикрим олдимизда турган ўйинлар билан боғлиқ. Бундан ташқари, клуб раҳбарияти ҳам келаси мавсум учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Одатда бундай ҳолатларда икки томон ҳам рози бўлса, узоқ муддатли ҳамкорлик келиб чиқади.
- Ўзбекистон чемпионатининг савияси сизга қандай кўриняпти?
- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда футбол даражаси ёмон эмас. Бу ерда футболга қизиқиш катта. Бошида академияга келган пайтимда асосан болалар ўртасидаги ўйинларни кузатдим. Болалар футболида иқтидорлилари кўп эканлигига амин бўлдим. Болалар футболида яхши ишлаб, у ердаги иқтидорларни катта футболга етказиб бериш керак. Чунки профессионал футболчиларга эга бўлиш учун албатта болалар футболига жиддий эътибор қаратиш даркор. Қолаверса, бир нечта Суперлига ва про лига учрашувларини стадиондан кузатдим. Даражаси ёмон эмас. Тўғри, баъзи жиҳатлар бўйича яхшилаш керак. Бу ерда ҳар хил услубда ўйин кўрсатадиган жамоаларни кўрдим. Ҳамма ўзининг имкониятидан келиб чиқиб ўйнайди. Суперлигада “Пахтакор”ни ҳисобга олмаганда, бошқа барча жамоалар ўртасидаги даражанинг тенглигини кўриш мумкин. Суперлигада қолиш учун курашаётган жамоалар ўртасида кескинлик мавжудлиги яхши белгини англатади.
Фикрлар