Ҳусанов Чемпионлар лигасидаги дебют учрашувида “қовун” туширди
Европа Чемпионлар лигасида иштирок этаётган ягона футболчимиз – Абдуқодир Ҳусанов мусобақа гуруҳ босқичининг бешинчи турига келиб, қитъанинг энг нуфузли турнирида дебютини нишонлади.
“Ланс”даги легионеримизнинг дебюти Лондондаги машҳур “Эмирейтс” стадионида “Арсенал”га қарши учрашувга тўғри келди.
Микель Артета шогирдлари Франциядаги мағлубият учун ортиғи билан аламини олди. Биринчи бўлимнинг ўзида Кай Хаверц, Габриэль Жезус, Букайо Сака, Габриэл Мартинелли ва Мартин Эдегор биттадан гол уриб, жамоасини 5:0 ҳисобида олдинга олиб чиқди.
“Ланс” бош мураббийи Франк Хейз ҳимояни мустаҳкамлаш мақсадида 62-дақиқада Жонатан Градит ўрнига Абдуқодир Ҳусановни туширди.
Ҳали ўйинга киришиб кетмаган ҳамюртимиз мезбонларнинг тезкор ҳужумини тўхтатишда тўпни қўли билан ўйнади. Майдонга тушганидан кейин бир дақиқа ичида огоҳлантирилган Ҳусанов ўзбек футболи тарихида Чемпионлар лигасида энг тез сариқ карточка олган футболчига айланди.
19 ёшли футболчимиз қолган дақиқаларда жуда ишончли ўйнаган вазиятлар бўлди. Абдуқодир бир неча марта “Арсенал” ҳужумини қайтаришда жонбозлик кўрсатди.
Беллашувнинг 84-дақиқасига келиб, Абдуқодир Ҳусанов яна воқеалар марказида бўлди. Ёш футболчимиз рақиб ҳужумини қайтариш чоғида жарима майдончаси ичида Габриэл Мартинеллининг юзига уриб юборди.
Португалиялик ҳакам Артур Диаш ВАР ёрдамидан фойдаланиб, пенальти белгилади. Видеотакрорни кўрган ҳакам Абдуқодир рақиб юзига зарба бериб юборгани учун эмас, балки тўп жарима майдончасини ичида ўзбек футболчисининг қўлига теккани учун 11-метрлик белгини кўрсатди.
Бундан ташқари, Артур Диаш Ҳусановга қўли билан ўйнаган яна бир вазият учун иккинчи огоҳлантиришни бермади ва Абдуқодир беллашувни давом эттирадиган бўлди.
11 метрлик зарбадан гол урган Жоржиньо жамоасининг 6:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Бу учрашув Абдуқодир Ҳусановнинг ёдида умрбод сақланиб қолса керак.
Қақшатқич мағлубиятдан кейин “Ланс” Чемпионлар лигаси гуруҳидан чиқолмайдиган бўлди. Гуруҳдаги сўнгги ўйин олдидан “Арсенал” 12 очко билан гуруҳ босқичини биринчи ўринда якунлаши ойдинлашди. Иккинчи учрашувда “ПСВ Эйндховен” Испаниядаги учрашувида “Севилья”ни енгиб қайтди. Нидерландияликлар дастлаб иккита гол ўтказиб юборганига қарамай, кейинчалик учта тўп киритди.
Натижада 8 очко жамғарган ПСВ плей-офф йўлланмасига эга чиқди.
“Ланс” 12 декабрь куни сўнгги учрашувда “Севилья”ни қабул қилади. Агар бу учрашув францияликлар учун муваффақиятли якунланса, Абдуқодир Ҳусанов жамоаси Европа Лигасига йўлланма олади.
Фикрлар
Sport uz бунака бемаьни сарлавхаларни ёзишни давом эттирса бу сайтни узи "ковун тушириш" у ёкда турсин" Хандалак тушириши" мумкин Биринчи маротиба ЧЛ майдонга чикган еш уйинчига нисбатан бунака купол сузларни ишлатиш тажриьали спорт шархловчиларга ярашмайди деб уйлайман . .