Ҳусанов Диашнинг ўрнини эгаллади, Сергеев ва Шомуродов эса навбатдаги голларини урди
Бугунги кунда хориж чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчилар сони тобора ортиб бормоқда. Деярли ҳар ҳафта легионерларимиз гол ёки ассистлари билан мухлисларни хурсанд қилмоқда. Хўш, якунланган ҳафта улар учун қандай кечди?
Айни пайтда Англиянинг "Манчестер Сити" жамоаси сафида тўп тепаётган Абдуқодир Ҳусанов АПЛнинг 27-туридан ўрин олган "Ньюкасл"га қарши учрашувда иштирок этди. Бироқ бош мураббий Хосеп Гвардиола бу баҳсда ҳамюртимизни асосий таркибда майдонга туширмади.
Учрашувни “шаҳарликлар” ҳимоя марказида Марк Геҳи ва Рубен Диаш жуфтлиги бошлади. Биринчи тайм якунида “Сити” 2:1 ҳисобида олдинда бораётган эди. Иккинчи бўлим бошида мураббий ҳимоядаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Диашнинг ўрнига Абдуқодир Ҳусановни майдонга туширди.
Ўзбекистонлик ҳимоячи майдонда ишончли ҳаракат қилиб, жиддий хатоларга йўл қўймади. Якунда “Манчестер Сити” уч очкони қўлга киритди. Бир қатор статистик порталлар Ҳусановнинг “Ньюкасл”га қарши баҳсдаги ўйинини ижобий баҳолади. Жумладан, Sofascore нашри легионеримизга 7 балл қўйди.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритувчи нашрларнинг ёзишича, Гвардиоланинг Диаш ўрнига Ҳусановни тушириши тактик қарор бўлган. Бу эса Абдуқодир мураббийнинг ўйин услуби ва талабларини тобора яхшироқ англаб етаётганидан далолат беради.
Энди Англиядан Туркияга йўл оламиз.
Туркия Суперлигасининг 23-турида "Истанбул Башакшеҳир" клуби "Аланьяспор" устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу муваффақиятда легионерларимиз — Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев муҳим роль ўйнади.
Учрашувнинг 41-дақиқасида Файзуллаев рақиб жарима майдончасида қўполлик билан тўхтатилди ва ҳакам пенальти белгилади. 11 метрлик нуқтадан Шомуродов аниқ зарба йўллаб, чемпионатдаги 16-голини урди. Ушбу ғалабадан сўнг Нури Шаҳин шогирдларининг очколари 36 тага етди ва жамоа турнир жадвалида 6-ўринда бормоқда.
Шомуродов тўпурарлар пойгасида ҳам курашни давом эттирмоқда. Унинг асосий рақиби Пол Онауачо ҳам мазкур турда гол урди. Ҳозирча Онауачонинг ҳисобида 17 та, Элдор Шомуродовда эса 16 та гол мавжуд.
Энди Эрон чемпионатига назар ташлаймиз.
Эрон чемпионатида "Персеполис" навбатдаги турда "Хейбар"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Теҳронликларнинг ягона голига Игор Сергеев муаллифлик қилди. Қайд этиш жоиз, Сергеев кетма-кет иккинчи ўйинда гол уришга муваффақ бўлди.
“Персеполис” сафидаги яна бир ҳамюртимиз Остон Ўрунов 59-дақиқада захирадан майдонга тушди, бироқ гол ёки асисст қайд эта олмади.
Рустам Ашурматов ва Жалолиддин Машарипов жамоаси ҳисобланган "Истиқлол" ўтган ҳафта ўртасида Осиё Чемпионлар лигасида "Ал-Ҳусайн Ирбид"га мағлуб бўлиб, турнирни тарк этди. Ушбу натижадан сўнг бош мураббий Рикарду Са Пинто истеъфога чиқарилди.
Янги мураббий қўл остида “Истиқлол” чемпионат доирасида "Мес Рафсанжон"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсда Рустам Ашурматов асосий таркибда майдонга тушиб, 90 дақиқа ҳаракат қилди. Жалолиддин Машарипов эса жароҳат сабаб даволанишни давом эттирмоқда.
Эътиборлиси, Италияда тикланаётган Машариповни кўргани Элдор Шомуродов ҳам борган. Бу ҳақда футболчилар ўзларининг ижтимоий тармоқдаги сафифасида маълум қилди.
"Трактор" шарафини ҳимоя қилаётган Одил Ҳамробеков Элит Осиё Чемпионлар лигасида "Ал-Гарафа"га қарши баҳсда 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди ва жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшди. Чемпионат доирасида эса Ҳамробеков ассист амалга оширган учрашувда табризликлар "Малаван" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Маълумот учун, Эрон чемпионати турнир жадвалида “Истиқлол” пешқадам бўлиб турган бўлса, “Трактор” иккинчи ўринни эгаллаб турибди. “Персеполис” эса 34 очко билан бешинчи поғонада жойлашган.
Озарбайжон чемпионатига ўтамиз.
БАА чемпионатида Отабек Шукуров тўп сураётган “Банияс” "Ал-Айн"га, Азиз Ғаниев жамоаси “Ал-Батаэҳ” эса "Ал-Васл"га мағлуб бўлди. Шунга қарамай, ҳар икки футболчимиз ҳам ўйинларни тўлиқ 90 дақиқа давомида ўтказди.
Фикрлар