Ҳусанов Европада “из” қолдирди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”даги ўйинлари билан секин-аста Европани ҳам забт этиб бормоқда.

Бугунги кунда клуб ичидаги вазият туфайли 21 ёшли ўзбек футболчиси жамоасининг энг ишонган марказий ҳимоячисига айланиб бўлди. Абдуқодир “шаҳарликлар” таркибидаги ўйинлари билан мухлису мутахассислар ва мураббийлар ишончини оқлаб келмоқда.

Абдуқодир Европа Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида иштирок этаётган ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади. Ҳамюртимиз қитъанинг энг нуфузли мусобақаси умумий босқичида саккизта учрашувдан тўрттасида “Наполи”, “Байер”, “Будё-Глимт” ва “Галатасарой”га қарши майдонга тушди, иккитасида захирада қолган бўлса, яна бир жуфт баҳсни жароҳат туфайли ўтказиб юборди.

Абдуқодирнинг энг нуфузли турнирдаги иштироки юқори баҳоланди. Хусусан, легионеримиз Европа Чемпионлар лигасининг умумий босқичи якунларига кўра энг тезкор футболчилар рейтингидан жой олди.

Экспертлар Абдуқодир Ҳусанов Европа Чемпионлар лигаси доирасида соатига 34,7 километр тезликда югурганини қайд этган. Бу мусобақанинг барча иштирокчилари орасида иккинчи кўрсаткичдир.

Лигада энг тез югурган футболчи сифатида “Реал” юлдузи Килиан Мбаппе қайд этилган. Франциялик тўпурар энг шиддатли югурган пайтда унинг тезлиги сотига 34,9 километрни ташкил қилган.

Рейтингдаги қолган ўйинчилар Мбаппе ва Ҳусановдан кейинги поғоналарда жойлашди. Тезкор футболчиларнинг умумий рейтинги қуйидагича кўриниш олди.

Килиан Мбаппе (“Реал”, Франция) – 34,9

Абдуқодир Ҳусанов (“Манчестер Сити”, Ўзбекистон) – 34,7

Карлос Форбс (“Брюгге”, Португалия) – 34,3

Андерсон Силва (“Пафос”, Бразилия) – 34,1

Федерико Вальверде (“Реал”, Уругвай) – 34,0

Рикардо Пепи (“ПСВ Эндховен”, АҚШ) – 34,0

Жереми Фримпонг (“Ливерпуль”, Нидерландия) – 34.0

Эрлинг Холанд (“Манчестер Сити”, Норвегия) – 34,0

Энтони Гордон (“Ньюкасл”, Англия) – 34,0 ва 33,9.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов ўйнаётган “Манчестер Сити” жорий мавсумда тўртта мусобақа – Англия Премьер лигаси, Лига кубоги, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида бош соврин учун курашни давом эттирмоқда.

Ҳусанов бу турнирларнинг барчасида майдонга тушиб улгурди ва умумий ҳисобда 17 та учрашув ўтказди. Ҳамюртимиз бу баҳсларнинг аксариятини бошланғич таркибда бошлаган ва асосан икки позиция – ҳимоянинг ўнг қаноти ва марказида ўйнаган.

Шомуродов Бензема билан бир лигада ўйнаши мумкин

Супергол урган Шомуродов: Овора бўлма, барибир етолмайсан!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!