Ҳусанов жойини Гехига берадими?
“Манчестер Сити” раҳбарияти жамоа таркибини кучайтириш мақсадида қишки трансферлар даврида иккита харидга қўл урди. Ҳужум чизиғига Англия лигаси тўпураридан Антуан Семеньо олинган бўлса, ҳимоя марказини Марк Гехи тўлдирадиган бўлди.
Англия футболини ёритаётган манбалар кўпроқ Гехи трансферини муҳокама қилмоқда. Чунки “Манчестер Сити”нинг мудофаа чизиғи бир йил ичида жуда катта ўзгаришларга юз тутди.
Sports.uz портали нуфузли манба – goal.com нашрида “Манчестер Сити”да рўй бераётган сўнгги ўзгаришлар ҳақида чот этилган маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
Ҳақиқий сенсация
“Манчестер Сити” учун 2026 йил муваффақиятсиз бошланди. Хосеп Гвардиола шогирдлари тиғиз тақвим остида Англия Премьер-лигаси, ички кубоклар ва Европа Чемпионлар лигаси доирасида еттита учрашувдан иккитасида ютқазди, учтасида дуранг ўйнади ва бир жуфт ғалаба кубок ўйинларига тўғри келди.
Айниқса, Манчестер дербисидаги мағлубият “шаҳарлик” мухлисларга оғир ботган бўлса, Норвегиядаги қақшатқич зарба нафақат улар, балки клубдагиларни хам шокка туширди.
Чунки илгари Чемпионлар лигасида ҳеч қатнашмаган, қитъанинг энг нуфузли мусобақасидаги дебют мавсумидаги илк олтита учрашувнинг бирортасида зафар қучмаган “Будё-Глимт”нинг “Манчестер Сити”ни 3:1 ҳисобида доғда қолдиргани ҳақиқий сенсация бўлди.
Қизиқ маълумотлар: “Будё-Глимт” ўйнаётган шаҳар аҳолисининг сони “Этихад” арена сиғимидан кам. Бу жамоанинг бутун таркиби трансфер қиймати ҳамюртлари Эрлинг Холанд нархининг тўртдан бирига тенг.
“Будё-Глимт” тарихидаги энг қиммат 10 трансферга сарфланган жами сумма 31 миллион доллар бўлган. “Сити” эса, фақат шу январнинг ўзида икки нафар янги ўйинчига 114 миллион доллар, сўнгги уч трансфер ойнасида эса 597 миллион доллар сарфлади.
Муваффақиятли харид
“Сити”нинг сўнгги трансфери – Марк Гехини асл нархидан анча арзон – 20 миллион фунтга олингани ҳозирги бозор шароитида жуда катта ютуқ ҳисобланади. Аслида “шаҳарликлар” лиганинг энг зўр марказий ҳимоячиларидан бири бўлган бу ўйинчини ёзда бепул олиши мумкин эди.
Бироқ манчестерликлар “Ливерпуль”, “Бавария” каби қитъанинг йирик клубларини ортда қолдириш учун Гехининг “Кристал Пэлас” билан шартномаси тугашини кутмасдан харажат қилиб қўя қолди.
Бу ўйинчини 20 миллион фунтга олиш катта муваффақият. Бир йил аввал “Манчестер Сити” икки нафар ёш марказий ҳимоячи – Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс учун 60 миллион фунт атрофида маблағ тўлаган эди.
Янги лидер
Абдуқодир Ҳусанов ва Витор Рейс иқтидорли ёш ҳимоячилар. Аммо Марк Гехи ҳимоя учун тайёр лидер. У “Кристал Пэлас” сардори сифатида жамоани ўз тарихида илк бор Англия кубогида ғалаба қозонишини таъминлади. Қолаверса, Англия миллий терма жамоасининг ҳозирги кундаги энг барқарор ўйинчиларидан бирига айланган.
“Сити”нинг асл муаммоси фақат ҳимоя чизида эмас, балки лидерлар танқислигидадир. Сўнгги бир йилда жамоани Эдерсон, Кайл Уокер, Илкай Гюндоған, Кевин Де Брюйне, Жек Грилиш, Мануэль Аканжи каби тажрибали футболчилар тарк этди. Гехи эса энди жамоадаги мувозанатни тиклашга ёрдам бериши керак.
У фақат жароҳатлар туфайли вақтинчалик вариант сифатида олинмади, бу узоқ муддатли режа. Тажрибали марказий ҳимоячи Жон Стоунз мавсум охирида кетиши кутиляпти. Марк Гехи Хосеп Гвардиола томонидан бир неча маротаба “Манчестер Сити”нинг келажакдаги етакчиси бўлиши эътироф этилган Абдуқодир Ҳусановнинг эмас, балки жароҳатларга мойил бўлиб қолган Жон Стоунз ва клубнинг узоқ муддатли режаларига киритилмаган Натан Акенинг ўрнига олинганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Гехининг ўзи ҳам узоқ ўйнашни мақсад қилган. У BBC Sport нашрига берган интервьюсида асосий мақсади “Манчестер Сити”да совринларни қўлга киритиш билан бирга, 40 ёшгача юқори савияда ўйнаш эканини айтган.
Ҳусанов ва Гехи тандеми
Мавсум бошидан бери “Манчестер Сити” ҳимояси марказини мустаҳкам ушлаб келган Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанидан кейин Хосеп Гвардиола жорий мавсумдаги аксарият ўйинларда ўнг қанот ҳимоясида ўйнаган Абдуқодир Ҳусановни яна мудофаа марказига қайтарди.
21 ёшли ўзбек футблчисига шерик сифатида “Уотфорд”га ижарага берилган 20 ёшли Макс Аллейн қайтариб олиб келинди. Дастлабки учрашувда бу тандемнинг ўйини мухлису мутахассисларга умид бағишлаган бўлса-да, охирги учрашувларда Аллейннинг савияси юқори даражада ўйнашга етишмаслиги кўриниб қолди.
Айниқса, Норвегиядаги учрашувда Аллейн ўзини йўқотиб қўйди, биринчи бўлимнинг ўзида бир неча бор позициясини топа олмай қолди, унинг иккита қўпол хатосидан кейин рақиб Жанлуижи Доннарумма дарвозасига иккита тўп киритди. Натижада Пеп ёш ҳимоячини танаффусда алмаштириб юборди.
Энди бундан буёғига олдиндаги учрашувларда “Манчестер Сити” ҳимояси марказида янги тандем – Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи биргаликда ҳаракат қилиши кутилмоқда.
Бу дуэтнинг елкама-елка илк учрашувини “Манчестер Сити” ва “Вулверхемптон” баҳсида кузатиш мумкин. Ўйин 24 январь куни Тошкент вақти билан 20:00 да бошланади.



Фикрлар