Нури Шахин яна гол урган Шомуродов ҳақида нималар деди?
Туркия чемпионатининг иккинчи даврасини “Истанбул Башакшеҳир” ва “ Фатиҳ Карагюмрюк” жамоалари бошлаб берди. Мезбонлар Элдор Шомуродов ва Умар Али Шахинернинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучди.
Европа кубоклари йўлланмаси учун курашаётган “Истанбул Башакшеҳир” 18-турдан кейин очколари сонини 29 тага етказиб олиб, кучли бешликка яқинлашди.
Элдор Шомуродов Суперлигадаги голлари сонини 13 тага етказиб олди ва бу кўрсаткич бўйича тўпурарлар пойгасида якка пешқадам бўлиб турибди. У энг яқин таъқибчиси Аол Онуачуни иккита тўпга ортда қолдирмоқда.
“Башакшеҳир” мураббийи Нури Шахин учрашув ҳақида фикр билдириб, Элдор Шомуродовнинг жамоа муваффақиятларига қўшаётган ҳиссасини алоҳида эътироқ этди.
- Бу жуда қимматли ғалаба. У лигада осон ўйинлар йўқлигини исботлайди. Биринчи таймда жуда яхши ўйнадик. Балки, бу ерга келганимиздан бери энг яхши ўйинларимиздан бири бўлгандир. Фақат иккинчи гол етишмади, холос.
Ўйиннинг иккинчи ярмида ҳам гол ура олмадик. “Фатих Карагюмрюк” эса йўқотадиган нарсаси кам бўлган жамоа эди, шунинг учун таваккал қилди.
Айтилганидек, “сен гол урмасанг, сенга уришади”. Ҳисоб 1:1 кўринишига келганидан кейин жамоамнинг ўйини менга жуда ёқди. Сабр билан ўйнадик ва имкониятлар яратдик. Охир-оқибат, Умар Али Шахинернинг фантастик голи туфайли ғалаба қозондик. Бундай ғалабанинг қиймати жуда катта.
Жамоамизнинг охирги бешта ўйиндан тўрттасида ғолиб чиққани, айниқса, кетма-кет учта учрашувда зафар қучганимизнинг аҳамияти жуда баланд. Улар ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Жамоа ўйинига бўлган ишонч ортади.
Мен келганимда ўйинчиларга шундай деган эдим: “Бошида бироз қийин бўлади, лекин ўйинимиз йўлга тушгач, бу биз учун жуда катта фойда келтиради”.
Улар буни ҳозир ўзлари ҳам кўришяпти. Умар Али Шахинер мен учун жуда қимматга эга футболчи. У клубнинг асосий ўйинчиларидан бири. У фантастик даражада профессионал. Балки у мен билан ярим ҳимояда ўйнамас, аммо чап ва ўнг қаеот ҳимоясида ҳам бизга катта ёрдам берди. Бугун у сўнгги ҳафталардаги яхши ўйинларини гол билан безади. Мен у учун жуда хурсандман.
Элдор Шомуродов Суперлигада энг зўр тўпурар бўладими ёки йўқ, бу мен учун ҳал қилувчи даражадаги масала эмас. Агар мавсум охирида мақсадларимизга эришсак ва Элдор энг яхши тўпурар бўлса, албатта, бундан жуда хурсанд бўламан.
Аммо мен учун энг муҳими, жамоанинг ўйини ва натижалари, Элдорнинг бизга қўшаётган улкан ҳиссасидир. Мен Элдордан доим голлар келишини биламан, лекин унинг тўпсиз ҳаракатлари ҳам жамоа учун жуда муҳим.
Шомуродов кучли характери бор инсон, зўр футболчи. Элдор билан ишлаш жуда осон. У ҳақиқий юлдуз. Ҳақиқий юлдуз бўлмаган ўйинчиларни бошқариш жуда қийин бўлади, - деди Нури Шахин.
“Истанбул Башакшеҳир” Туркия чемпионатидаги кейинги учрашувини 25 январь куни ўтказади. Ушбу санада Шомуродов жамоаси “Кайсериспор” футболчилари меҳмони бўлади.
Экспертлар Ҳусановнинг дербидаги ўйинига қандай хулоса берди?
Ҳусановнинг трансфер қиймати 100 миллион еврога чиқади



Фикрлар