Ҳусанов “Ланс”ни Францияда биринчи, Европада тўртинчи ўринга кўтарди
ФИФА кунлари муносабати билан клублар ўртасидаги мусобақаларда икки ҳафталик танаффус эълон қилинганидан келиб чиқиб, футбол экспертлари турли статистик маълумот ва кўрсаткичларни таҳлил қилиб чиқмоқда.
Нуфузли манбалардан бири – wesportfr.com портали Европа клублари орасида ҳимояни энг мустаҳкам ушлаб турган жамоалар кўрсаткичларини таҳлил қилиб, “Ланс”га алоҳида эътибор қаратди.
“Ланс” халқаро танаффус олдидан Лига 1 доирасида “Страсбур” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади ва айрим кўрсаткичлар бўйича Франция чемпионатида етакчилик қилмоқда.
Лансликлар янги мавсумда бош мураббий лавозимида Франк Хейз ўрнини эгаллаган Уилл Стилл қўл остида бошлади. Август ойидаги кетма-кет икк ғалабадан кейин “Ланс” сентябрь ойида бирорта ғалаба қозонмади ва ўзи ҳам имкониятни бой бермади. Тўртта дурангдан кейин октябрь ойининг илк ўйинида ҳам очко бўлишди.
Матбуот томонидан “Ланс”га отилаётган танқид тошлари асосан ҳужум чизиғига қаратилган. Уилл Стилл шогирдлари чемпионатнинг еттита ўйинида атиги олтита гол урди. Бу бешта тўп киритган “Анже”дан кейин энг ёмон натижа бўлиб турибди.
“Ланс” юқори ўринлар учун курашиш имкониятини ҳимоядаги мустаҳкам ўйин орқали ушлаб турибди. Абдуқодир Ҳусанов бошқараётган ҳимоя чизиғи жуда ишончли ҳаракат қилмоқда ва лансликлар Франция чемпионатида энг яхши ҳимояга эга жамоага айланди.
“Ланс” еттита ўйинда тўртта гол ўтказган ва бу борада “Монако” билан бирга пешқадамлик қилмоқда. Уларнинг кўрсаткичи ПСЖ (7 та гол), “Ницца” (7 та гол), “Лилль” (8 та гол), “Марсель” (8 та гол) ва “Нант” (8 та гол) каби жамоалардан устун.
Европанинг “топ-5” лигаларидаги вазиятни инобатга олсак, “Ланс” кам тўп ўтказиш бўйича қитъа миқёсида тўртинчи ўринда бормоқда.
Ҳимоя мустаҳкамлиги бўйича фақатгина уч клуби – “Ювентус” (1 та гол), “Ливерпуль” (2 та гол) ва “Лейпциг” (2 та гол) лансликлардан яхши натижа қайд этган холос.
Ҳатто “Атлетико Мадрид” (5 та гол), “Наполи” (5 та гол), “Арсенал” (6 та гол), “Реал Мадрид” (6 та гол) ўз ҳимоячисини “Ланс”чалик мустаҳкам ушлаб тура олгани йўқ.
Европа топ-лигаларида энг кам гол ўтказаётган жамоалар рейтинги қуйидагича кўриниш олди:
“Ювентус” (1 та гол)
“Ливерпуль” (2 та гол)
“Лейпциг” (2 та гол)
“Ланс” (4 та гол)
“Монако” (4 та гол)
“Юнион Берлин” (4 та гол)
“Атлетико Мадрид” (5 та гол)
“Наполи” (5 та гол)
“Арсенал” (6 та гол)
“Реал Мадрид” (6 та гол)
Экспертларнинг таъкидлашича, “Ланс”нинг Абдуқодир Ҳусанов етакчилик қилаётган ҳимоя чизиғида жиддий муаммо йўқ. Агар ҳужумчилар самарали ўйинини йўлга қўйиб олса, Уилл Стилл шогирдлари мусобақа жадвалининг энг юқори ўринлари учун кураш олиб боради.
Фикрлар