Ҳусанов ўзбек футболчиси Премьер-лига клубига ўтганига муносабат билдирди!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ўзбекистонлик ҳужумкор футболчи Шаҳбоз Умаровни Қозоғистон Премьер-лигаси жамоасига қўшилганига муносабат билдирди.
27 ёшли Шаҳбоз Умаров Тошкентнинг “Бунёдкор” клубини тарк этиб, Қозоғистон чемпионатида Кўкшетау шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган “Окжетпес” жамоасига ўтди.
Қозоғистон клуби бу трансферни расман эълон қилди ва бу вазият Абдуқодир Ҳусанов эътиборидан четда қолмади. Ҳусанов Умаровни ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали қўллаб қувватлади.
“Омад, биродар!”, – деб ёзди “Манчестер Сити” футболчиси “Окжетпес”нинг Шаҳбоз Умаров трансфери ҳақидаги пости остида.
Ҳар икки футболчининг фаолиятига бир назар ташласак, қизиқ ҳолат юзага келади. Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Шаҳбоз Умаров эса, бу жамоанинг ашаддий рақиби “Пахтакор”дан етишиб чиққан.
Умаров “Пахтакор” асосий таркибига кира олмаганидан кейин 2018 йили Олмалиқнинг ОТМК жамоасига ўтди ва орадан икки йил ўтиб, у ердан Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасига йўл олди. Минск шаҳри клубидаги бир йиллик фаолиятидан кейин Шағбоз мамлакатнинг энг қудратли клуби БАТЭга трансфер қилинди.
Аввалига бу жамоада асосий фигурага айланган ўзбек футболчиси кейинчалик бош мураббий билан юзага келган мажора ортидан жамоадан четлатилди. Ярим йил ўйин амалиётисиз қолган Умаров Қозоғистон чемпионатига жўнатилди.
Ҳамюртимиз қўшни мамлакат Премьер-лигасида “Ордабаси” шарафини ҳимоя қилган Умаров мамлакат кубогини қўлга киритди. Кейин Қозоғистон чемпиони ҳам бўлди. Бу юртда “Тобол” ва “Турон” клубларида ҳам ўйнади.
Ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган футболчи 2026 йилнинг бошида мамлакатимизга қайтиб, “Бунёдкор” билан бир йиллик шартнома имзолади. Умаров бу жамоа сафидаги ўйинлари билан Фабио Каннаваро эътиборини қозониши кутилган эди.
Аммо “Бунёдкор”даги фаолияти у қадар муваффақиятли чиқмади. Умаров Суперлигада тўрт марта майдонга тушиб, атиги 93 дақиқа ўйнади. Мамлакат кубогида эса, учта учрашувда битта гол ва иккита ассист қайд этди.
Натижада Шаҳбоз Умаров Қозоғистонда трансфер ойнаси очилиши билан “Окжетпес” жамоаси билан битим тузди.
Абдуқодир Ҳусанов фаолиятида ҳам Беларусь чемпионати ва “Энергетик-БГУ” жамоаси катта роль ўйнаган. Иқтидорли ҳимоячимиз 2022 йили айнан мана шу клуб сафида профессионал фаолиятини бошлади ва бир ярим йилдан кейин Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс”га кўчиб ўтди.
Ҳусановнинг кейин тарихини ҳамма билади. 2025 йилнинг 20 январида “Манчестер Сити” Абдуқодирни 40 миллион евро эвазига трансфер қилганидан бери бу легионеримиз ҳозиргача ҳамманинг диққат марказида турибди.
Мундиалда Файзуллаев скаутлар назарига тушишини истайман!

Фикрлар