Ибрагимовичдан аввал фаолиятини якунлаган

Яна ярим йилдан сўнг, аниқроғи 3 октябрь куни Златан Ибрагимович 40 ёшга тўлади. У яқиндагина “Милан” билан амалдаги шартномасини 2022 йилнинг ёзигача узайтирди. Златан фаолияти давомида тўп сурган 9 та клубда кўплаб машҳур футболчилар билан бирга ўйнади. Биз эса Ибрагимовичдан ёшроқ бўлган ва фаолиятини аллақачон якунлаган ана шундай футболчилар ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Афсуски, бутун фаолияти давомида Ибрагимовични таъқиб қилган, аниқроғи у билан энг кўп бирга ўйнаган Максвелл ушбу рўйхатга киритилмади. Бразилиялик футболчи Златан билан бирга "Аякс", "Интер", "Барселона" ва ПСЖ да жами 325 та ўйинда бирга ўйнаган. Максвелл Златандан бир ойга каттароқ, аммо у 4 йил аввал бутсаларини михга илиб улгурган.

Тиаго Мотта (38 ёш) – 2012 – 2016 йилларда ПСЖда бирга ўйнаган

Мотта 2018 йилнинг майида фаолиятини якунлади. Футболчиликдан мураббийликка қадам қўйган Тиаго ўтган вақт мобайнида ПСЖ U-19 ҳамда “Женоа” клубларини бошқаришга улгурди.

Эсекиэль Лавесси (35 ёш) – 2012 – 2016 йилларда ПСЖда бирга ўйнаган

Аргентиналик иқтидор эгаси 2019 йилнинг ноябрида профессионал фаолиятини тугатганини эълон қилди.

Ким Чельстрем (38 ёш) – 2000 – 2016 йилларда Швеция терма жамоасида бирга ўйнаган

“Арсенал” афсонаси Златан билан деярли 100 га яқин ўйинда бирга ҳаракат қилди. Аммо уларнинг барчаси терма жамоа сафида бўлди. Ким фаолиятини 2017 йилда якунлаган.

Робиньо (37 ёш) – 2010 – 2012 йилларда “Милан”да бирга ўйнаган

Бразилиялик футболчи ҳали фаолиятини якунламаган, аммо 2020 йилнинг октябрь ойидан бери ўйнамаяпти. Унинг “Сантос” билан шартнома тузган эди, аммо клуб мухлисларнинг норозилиги туфайли уни бузишга мажбур бўлди. Италияда Робиньо 9 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд декабрь ойида унинг апелляцияси рад этди. Жараён давом этмоқда.

Рафаэл ван дер Варт (38 ёш) – 2001 – 2004 йилларда “Аякс”да бирга ўйнаган

Голландиялик футболчи фаолиятини 2018 йилда якунлаган. Аммо 2019 йил Даниянинг 9-дивизионида иштирок этувчи “Эсбьерг” клуби сафида 1 та ўйинда майдонга тушди.

Стивен Пинар (39 ёш) – 2001 – 2004 йилларда “Аякс”да бирга ўйнаган

Жанубий Африка терма жамоаси собиқ сардори расман 2018 йилда футболчилик фаолиятига нуқта қўйган. Унинг сўнгги жамоаси Англиянинг “Сандерленд” клуби бўлган.

Виктор Вальдес (39 ёш) – 2009 – 2010 йилларда “Барселона”да бирга ўйнаган

Ушбу икки футболчи “Манчестер Юнайтед”да ҳам бирга ўйнаши мумкин эди, аммо испаниялик посбон 2016 йилнинг ёзида, яъни айнан Златан МЮга кўчиб ўтганида “Мидлсбро”га ўтиб кетган. Вальдес 2017 йилда фаолиятини якунлаган.

Салли Мунтари (36 ёш) – 2008 – 2009 йилларда “Интер”да ва 2011 – 2012 йилларда “Милан”да бирга ўйнаган

Ганалик футболчи 2019 йилда бутсаларини михга илган. Унинг сўнгги жамоаси Испаниянинг “Альбасете” клуби бўлган.

Уэсли Снейдер (36 ёш) – 2002 – 2004 йилларда “Аякс”да бирга ўйнаган

“Аякс”даги собиқ жамоадошлар “Интер”да учрашишлари ҳам мумкин эди. Аммо Снейдер “нерадзуррилар” сафига ўтганида Ибрагимович ПСЖга йўл олди. Голландиялик футболчи 2019 йилнинг августида фаолиятини якунланди.

Бастиан Швайнштайгер (36 ёш) – 2016–2017 йилларда “Манчестер Юнайтед”да бирга ўйнаган

Германиялик футболчи Ибрагимович билан МЮда бир йил бирга ўйнади. Аммо улар бор йўғи 2 та ўйинда бирга майдонга тушишди. Улар кейинчалик МЛС клубларида бир-бирларига қарши бир неча бор ҳаракат қилишди.

Швайнштайгер фаолиятини 2020 йилнинг январида тугатди.

Жонни Хейтинга (37 ёш) – 2001 – 2004 йилларда “Аякс”да бирга ўйнаган

Златаннинг “Аякс”даги яна бир собиқ жамоадоши. Хейтингга 2016 йил февралда бутсаларини михга илган. Ҳозирда у “Аякс”нинг ёшлар жамоасига устозлик қилмоқда.

Адриано (39 ёш) – 2006 – 2009 йилларда “Интер”да бирга ўйнаган

Узоқ вақт руҳий ҳолатини изга сололмаган бразилиялик футболчи 2016 йилнинг май ойида фаолиятини якунлади.

Йоан Кабай (35 ёш) – 2013 – 2015 йилларда ПСЖда бирга ўйнаган

Франциялик футболчи ўтган йилнинг ёзида “Сент-Этьен”дан кетгач ўзига янги жамоа тополмади ва шу йилнинг февралида фаолиятини якунлашга қарор қилди.

Антонио Кассано (38 ёш) – 2011 – 2012 йилларда “Милан”да бирга ўйнаган

Италиялик футболчи 2018 йилнинг октябрида фаолиятини якунлаган.

Яя Туре (37 ёш) – 2009 – 2010 йилларда “Барселона”да бирга ўйнаган

2020 йилнинг январида бутсаларини михга илган африкалик футбол юлдузи ҳозирда Донецкнинг “Олимпик” клубида мураббийлик қилмоқда.

Уэйн Руни (35 ёш) – 2016 – 2017 йилларда “Манчестер Юнайтед”да бирга ўйнаган

Англиялик футбол юлдузи 2021 йилнинг январида фаолиятини якунлади. У “Дерби Каунти”да тўп суришда давом этиши мумкин эди, аммо клуб раҳбарияти ундан жамоага устозлик қилишни илтимос қилди. Ҳозир Руни ушбу жамоанинг бош мураббийи ҳисобланади.

“Милан” ўз уйимдек бўлиб қолган. Агар имкон бўлса, умримнинг охиригача шу ерда қолган бўлардим”, - деди Ибрагимович “россонерилар” билан шартномасини узайтиргандан сўнг.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар