Игор Тудор: "Жамоада сифат етишмаяпти, мураккаб вазиятдамиз"
"Тоттенхэм" бош мураббийи Игор Тудор Англия Премьер-лигасининг 28-турида "Фулхэм"га қарши учрашув (1:2) якунларига тўхталди. Лондон дербисида унинг шогирдлари мағлубиятга учради.
"Вазият мураккаб. Муаммолар кўп. Мен сизларга янги нарса айта олмайман. Ҳар биримиз ўзимизда куч топишимиз керак. Гол уриш учун сифат етишмаяпти. Марказда тўпни тез айлантириш учун сифат етишмайди. Ҳимояда эса сабр қилиб, гол ўтказмаслик учун зарур даражадаги сифат йўқ. Жуда ғалати ҳолат", — деди Тудор.
Таркиб ҳақида гапирар экан, мураббий ҳозирча тўғри мувозанатни топиш қийинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, кўпроқ ижодкор футболчиларга ишонч билдирилса, ҳимоя азият чекади. Аксинча, кураш ва ҳимояга эътибор кучайтирилса, олдинги чизиқда муаммолар пайдо бўлади.
Тудор жамоа ҳозир қандай бўлишни ва қайси йўналишда ҳаракат қилишни аниқлаб олиши кераклигини айтди.
Ҳозирда "Тоттенхэм" 29 очко билан жадвалда 16-ўринда бормоқда. "Фулхэм" эса 40 очко билан 9-поғонада жойлашган.
Фикрлар