Икки легионеримиз Европа чемпионлар лигасида юришини бошлаяпти

Қозоғистоннинг амалдаги чемпиони – “Ордабаси” ўз тарихида илк бор УЕФАнинг энг нуфузли мусобақаси Чемпионлар лигасида юришини бошлайди.

Янги мавсумда Европа Чемпионлар лигасида икки легионеримиз – Шаҳбоз Умаров ва Жасурбек Яхшибоев иштирок этади.

Таъкидлаш жоизки, етмиш йилдан бери ташкил этиб келинаётган Европа қитъасининг энг нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигаси (аввалги Чемпионлар кубоги) 2024-2025 йилги мавсумдан бошлаб, янгича форматда ўтказилади.

Дастлабки учта саралаш босқичи ва плей-оффдан муваффақиятли ўтган жамоалар Чемпионлар лигасининг умумий босқичига йўлланма олади. Айнан мана шу умумий босқич аввалги форматдаги гуруҳ босқичи ўрнини эгаллади. Бу гал ушбу раунд иштирокчилари сони тўрттага кўпайтирилиб, жами 36 та жамоани ташкил қилади.

Янги мавсумда УЕФАга аъзо 55 та мамлакатдан 53 тасидан футбол жамоалари иштирок этади. Бу йил ҳам мусобақада Лихтенштейн ва Россия вакиллари йўқ.

Қуръа натижасига кўра,  “кўҳна қитъа”нинг янгича форматдаги янги мавсумида “Ордабаси” тарихий илк учрашувини Молдованинг “Петрокуб” жамоасига қарши ўтказади. Дастлабки босқичнинг биринчи ўйини 10 июль куни Қозоғистонда бўлади.

Бу беллашувни хорватиялик ҳакамлар бригадаси бошқаради. Бош ҳакам вазифасини Патрик Коларич бажаради. Унга қанотларда Лука Паич ва Иван Старчевич ёрдам беради. Захира ҳаками Дарио Бель бўлади.

“Ордабаси” футболчилари орасида Жасурбек Яхшибоев Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиш тажрибасига эга. Легионеримиз уч йил муқаддам Молдованинг “Шериф” жамоаси сафида қитъанинг энг нуфузли мусобақасида қатнашган. Ўшанда Жасурбек “Сантьяго Бернабеу” аренасида мадридлик мухлислар кўз ўнгида “Реал” дарвозабони Тибо Куртуага гол уриб, ўз номини тарихга муҳрлаган эди.

Бундан ташқари, Яхшибоев Молдова чемпионати доирасида “Петрокуб”га қарши икки маротаба майдонга тушиб, биттадан гол ва ассист муаллифи бўлган.

27 ёшли ҳужумкор футболчимиз Европа Чемпионлар лигасидан ташқари Европа Лигасида ҳам иштирок этиб, ўзига етарлича тажриба тўплаган.

Жасурбек ўзи учун дебют мавсумда “Ордабаси”нинг энг зўр тўпурарига айланиб олди. Чемпионат давомида рақиблар дарвозасини беш маротаба ишғол қилган легионеримиз чимкентликларнинг мусобақа жадвалида биринчи ўринни эгаллаб туришига катта ҳисса қўшди.

25 ёшли Шаҳбоз Умаров ўтган йили чимкентликлар билан чемпионликни нишонлади ва жорий мавсумда ҳам жамоада қолиб, “Ордабаси”га ёрдам беришга қарор қилди.

Шаҳбоз Қозоғистон Премьер-лигасида ўнта беллашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига биттадан гол ва голли пас ёздириб қўйди.

Легионерларимиз жамоаси 10 июль куни уй учрашувида майдонга тушганидан кейин бир ҳафта ўтиб, Молдовада “Петрокуб” меҳмони бўлади.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
09/07/2024 23:40
Энди файзуллаев колиб
яхшибоевга утдикми худо-хохласа.