Икки ўзбек чемпиони энди профессионал боксни “ёради”!

Ҳар қандай яккакураш турлари каби боксда ҳам оғир вазнли спортчиларнинг баҳслари ҳар доим мухлису мутахассисларнинг диққат марказида туради. 

Париж Олимпиадасида ҳам бокс бўйича вазни катта чарм қўлқоп усталари иштирокидаги мусобақалар ўзбекистонлик спортчилар – Баҳодир Жалолов ва Лазизбек Муллажонов ғалабаси билан якунланди.

Ҳаваскорлар боксида бир неча йиллардан бери барча нуфузли мусобақаларда шоҳсупанинг энг юқори поғоналарини эгаллаб келаётган Баҳодир Жалолов энг енгил вазндаги боксчимиз Ҳасанбой Дўсматов билан бирга Париждаги Олимпия ўйинларида навбатдаги олтин медалларга эга чиқиб, бокс бўйича икки карра олимпия чемпиони бўлган биринчи ўзбек боксчилари сифатида ўз номини тарихга муҳрлади.

Ёш авлод вакилларидан Лазизбек Муллажонов ҳам ҳаваскорлар боксида ҳозиргача энг нуфузли ва энг катта ғалабаси – Олимпия ўйинлари чемпионлигига эришди.

RCC Boxing Promotions компанияси бош директори Герман Титов ҳар икки оғир вазнли боксчиларимизнинг профессионал рингдаги истиқболини жуда юқори баҳоламоқда.

Ўзбекистон бокси учун бу ғалабалар Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларидаги илк муваффақиятлар эмас. Бу галги натижалар ҳам замонавий ўзбек бокс мактаби дунёда энг кучлилардан эканини тасдиқлайди.

Профессионаллар ўртасида ҳам яхши натижалар кўзга ташланмоқда. Бунга яна ўша Исроил Мадримовни мисол қилиб келтириш мумкин.

Мен Олимпия ўйинларида чемпион бўлганлар, хусусан, Лазизбек Муллажонов ва Баҳодир Жалолов профессионал боксда ҳам юқори чўққиларни эгаллашига ишончим комил, - деди Герман Титов.

Эслатиб ўтамиз, Олимпиадада чемпион бўлган беш нафар боксчимиздан тўрттаси аллақачон профессионал рингдаги фаолиятини ҳам бошлаб юборган.

Баҳодир Жалолов ҳозиргача 14 та жангда рингга чиқиб, уларнинг барчасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган.

Лазизбек Муллажонов  ҳам тўртта жангда рақибларини нокаут билан енгган.

Ҳасанбой Дўсматов ҳисобида олтита жангдаги юз фоизлик натижа бор. “Профессор” бешта нокаут қайд этган.

Абдумалик Халаков профессионал ўртасида ҳозирча бир маротаба рингга кўтарилиб, 30 та жанг ўтказган рақибини иккинчи раунддаёқ чуқур нокаутга туширган эди.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев эса, бор эътиборини ҳаваскорлар боксчига қаратиб, бу йўналишда қисқа муддатда Осиё чемпионати совриндори, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиби бўлди. 

Файзуллаев: Келажагини ҳамма ўзи ҳал қилади!

Файзуллаев қачон гол уришини айтди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!