Файзуллаев қачон гол уришини айтди
Аббосбек Файзуллаев ЦСКАнинг етакчи ўйинчиларидан ҳисобланади. 20 ёшли футболчимиз Россия кубоги гуруҳ баҳсларининг 2-турида “Нижний Новгород” билан бўлган учрашувда жамоасининг мағлубиятдан қутилиб қолишига ҳисса қўшди.
Айнан ўзбек ҳужумчиси ташкил қилган ҳужумни ҳимоячи Игорь Диеев гол билан якунлади. Дивеев ҳимоячи бўлишига қарамай, янги мавсумдаги голлари сонини бештага етказиб олди ва ЦСКА таркибида энг кўп гол урган футболчи бўлиб турибди.
“Нжний Новгород” қарши баҳсда мағлубиятдан қутилиб қолган “армиячилар” пенальтилар сериясида 4:2 ҳисобида зафар қучди.
Учрашувдан кейин Аббосбек Файзуллаев журналистларга интервью берди.
— Ҳимоячи Игорь Дивеевнинг самарадорлиги ҳужум чизиғи ўйинчиларини чўчитмаяптими?
— Агар ўйинчилардан бири гол урса, бу жамоа учун жуда яхши ҳолат. Ким гол уриши муҳим эмас, асосийси учрашувда ғалаба қозониш.
— Сизда Дивеев билан рақобатлашиш, кўпроқ гол уриш иштиёқи йўқми?
— Бор! Мен ҳар бир учрашувда гол уришни истайман. Жамоага яқинда келдим, ҳозир секин-аста формамни тиклаяпман.
Тез орада энг яхши ҳолатимга чиқаман, гол уришни бошлайман ва жамоага янада кўпроқ фойда келтираман.
Эслатиб ўтамиз, Аббосбек Файзуллаев Париж Олимпиадасида иштирок этиш учун маълум муддат Ўзбекистон терма жамоаси сафида бўлди. 20 ёшли ҳужумкор футболчимиз ЦСКАнинг мавсумолди йиғинларида тўлиқ иштирок этмади.
Журналистлар легионеримиздан Олимпиада таассуротларини ҳам сўради.
— Сиз яқинда келибоқ, Олимпиада ҳақида фикр ҳам билдирдингиз. Ҳозир энди Париж Олимпиадасида ўтказган вақтингизни қандай баҳолайсиз?
— Фақат ижобий фикрлар билдира оламан. Олимпиада жуда ёқди. У ерда муҳит яхши эди, лекин натижа нуқтаи назаридан ижобий фикр айта олмайман. Биз янада кўпроғига қодир эдик, аммо бу гал ўхшамади. Кейинги гал албатта, ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. Олимпиадада қатнашганимдан мамнунман.
— Ташкилотчиликнинг қайсидир жиҳатлари маъқул келмадими ёки ҳаммаси зўр эдими?
— Ҳаммаси етарли даражада яхши эди.
— Сиз аввал сал бошқача гапиргандингиз...
— Youtube ҳақида айтяпсизми?
— Умумий ташкилотчилик ҳақида, ётоқлар ҳақида...
— Ётоқлар ҳақида бирор ёмон фикр айтолмайман. Жуда яхши ухладим.
Эслатиб ўтамиз, Париж Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси бўлажак чемпион – Испания футболчиларига 1:2, кейинчалик ярим финалга етиб борган Мисрга 0:1 ҳисобида ютқазиб, Доминикан Республикаси вакиллари билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Тезкор: Шомуродовни АҚШда кутишяпти, бироқ Европадан янги харидор чиқди!
Фикрлар