Илҳом Алижонов: "Буни эшитиш ёқимли"
“Андижон” клуби жорий мавсумни ҳар қачонгидан кўтаринки ҳамда муваффақиятли ўтказаётганини барча кўриб турибди. Улар ўтган турда Фарғонада 2:2 ҳисобида дуранг ўйнагандилар. Бу сафар эса ўз уйида “Металлург”ни қабул қиладилар.
Бир неча йилдан бери “Андижон” шарафини ҳимоя қилиб келаётган Илҳом Алижонов эса жароҳатидан қутулиб яна асосий таркибга қайта олди. Бўлажак беллашув олдидан Алижонов бир қатор саволларга жавоб берди.
- “Нефтчи” билан ўйиндан кейин “Металлург”га қарши учрашув учун тайёргарлик қандай давом этяпти? Футболчиларни кайфияти қанақа?
- “Нефтчи” билан ўйинда жамоамиз жуда кўп меҳнат ҳаракат қилди. 2:0 ҳисобида олдинда эдик, аммо дуранг билан тугади. Шундай бўлса ҳам жамоамиз “Металлург” билан учрашувга жуда яхши тайёргарлик кўряпти. Бу ўйин ўз уйимизда, мухлисларимиз кўз ўнгида бўлади. Юқори кайфиятда шуғулланяпмиз.
- Жароҳатдан кейин яна асосий таркибга қайта олдингиз. Ҳаммаси ортда қолдими? Рақобат қийнаб қўймаяптими?
- Жароҳатдан кейин 3-4 та учрашувдан бери асосий таркибда майдонга тушяпман. Формага тушиб яна сафга қайтиш жуда қийин бўлди. Албатта, рақобат кучли. “Андижон”да ўтган йилгига қараганда рақобат бу йил янада кучайган. Ҳаракат қиляпмиз, мураббий ишонч билдиряпти ва бу ишончни оқлашга ҳаракат қиляпмиз.
- “Металлург”да ҳали ғалаба йўқ. 3 та дуранг ва 3 та мағлубият қайд этган. Бўлажак баҳс олдидан рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Тўғри айтасиз, “Металлург” 3 та дуранг ва 3 та мағлубият билан турибди. Очиғини айтсам, бундай таркиб билан ўзим ҳам ҳайронман. “Қизилқум” билан ўйинини кўрдим. Пенальтини уролмади ва бирга-бир вазиятлардан фойдалана олишолмади. 2-3 йилдан буён жамоанинг ўзаги сақланиб турибди. Бундай таркиб билан улар юқорироқда бўлишлари керак эди. Андижонда ажойиб ўйин бўлади.
- Сиз учун “Металлург”даги хавфли футболчи ким?
- Индивидуал жиҳатдан бирорта футболчини айта олмайман. Улар жамоавий сифатида яхши. Югуришади, меҳнат қилишади. Ҳаммаси бир хил даражадаги яхши ўйинчилар.
- Ўтган йили “Андижон” “Металлург”ни 5:0 ҳисобида мағлуб этганди. Бу сафар қандай натижа кутяпсиз?
- Албатта, ўтган йили бу рақибни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратгандик ва ўйинни жуда яхши бошлагандик. Бу йил ҳисобни қизиғи йўқ, асосийси, ғалаба қозонишимиздир. Иккита учрашувдан бери ютолмаяпмиз. Шу боис ишқибозларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиб, уч очкони қўлга киритсак бўлди.
- "Бобур арена" яна фантастик муҳит оғушида бўлади ва ўйинни кўриш учун таниқли блогерлар ҳам келишяпти. Умуман, охирги пайтларда хорижлик блогерлар тез-тез “Андижон” ўйинига ташриф буюришяпти. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
- Ҳа, мухлислар “Бобур арена”да ҳам, бошқа жойга боришганида ҳам “ёндиришяпти”. Айниқса, “Бобур арена”да ўзгача муҳит. Биз бундан фақат мотивация оламиз. Мухлисларимиз учун ҳаракат қиламиз. Эшитяпмиз, ўйинимизга меҳмонлар келишяпти. Ўтган сафар Қозоғистондан келишганди, бу сафар яна бошқа жойдан келишяпти. Биз учун бундай эътибор бўлаётгани албатта яхши. Футболимиз, айниқса, Андижон футболи ўсаётганидан дарак беради. Буни эшитиш ёқимли. Бизга қанча кўп мухлислар келиб қўллаб-қувватлашса шунча мотивация бўлади. “Андижон” ишқибозлари биринчи рақамли. Улар ҳар учрашувда янгилик қилишяпти, изланишяпти. Ҳаракатдан тўхтаб қолмаяптилар. Уларга шунчаки қойил қолиш керак. Бу йил жамоамизни 60 йиллиги ва ушбу юбилейида яхши натижа билан ишқибозларимизни хурсанд қилмоқчимиз. Жамоага келганимга уч йил бўлди. “Андижон” ҳар бир жабҳада, мухлислар билан ишлаш, клуб инфратузилмаси, умуман ҳар томонлама ўсиш бўляпти. Бунинг учун раҳбариятга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар