Илёс Зейтуллаев: "Мен журналист эмасман"
Суперлигада 22-тур ўйинлари давом эттирилди. "Бунёдкор" жамоаси бу тур ўз майдонида "Сўғдиёна"ни қабул қилди ва 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Беллашувдан сўнг жамоа мураббийи Илёс Зейтуллаев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Баъзан шундай дуранг натижалар бўладики, ўзингизни худди енгилгандек ҳис қиласан. Рақиб жуда кучли эканлигини тан оламан. Улар бугун ҳам 100 фоиз ўз имкониятини намойиш этди. Бизга сўнгги дақиқаларда ўтказиб юборилган гол панд берди. Бугун майдонда меҳнат қилган шогирдларим учун афсусдаман. Ғалабани ушлаб қола олмадик.
Рақиб бизга баъзи нарсаларни қилишга имкон берди, баъзиларига эса йўқ. Мен рақиб жамоаси устозини яхши танийман ва унинг иши менга манзур келади. Улар бизни чуққуроқ ҳимояланишга мажбур қилди. Айниқса, Олег Зотеев сабабли йигитлар янада ортга қайтишга мажбур бўлди. Унинг майдонда ақл билан ҳаракат қилиши йигитларга муаммо туғдирди.
- Шогирдларингизга бугун 10 баллик тизимда неча баҳо берган бўлар эдингиз?
- Билмадим, мен журналист эмасман. Мураббий сифатида уларга 7-7.5 балл бераман. Албатта, ҳар доим ниманидир кучайтириш мумкин, аммо биз тушган вазиятдан келиб чиқсак, улардан кўнглим тўлди.
- Луис Качорри анча танаффусдан кейин голлар уришни яна бошлади. Бунинг сабаби нима?
- Бу жамоада яхши ички муҳит борлигидан далолат. Луис 3-ўйиндирки, захирадан майдонга тушиб гол урмоқда. Мен футболчи бўлганман ва бу нима эканлигини яхши биламан. У жамоамизнинг жанговор руҳини кўрсатиб турибди. Агар эътибор қилган бўлсангиз, биз гол киритганимизда захира ўриндиғидаги футболчилар ҳам биргаликда нишонламоқда. Бу ҳамжиҳатлик белгиси. Ваҳоланки, биз ҳали ҳеч нарсага эришганимиз йўқ. Ҳозирча элитада жон сақлаб қолишни уддалай олганимиз йўқ.
- Суперлигада жон сақлаб қолиш учун кураш қандай кетмоқда ва "Бунёдкор"нинг имкониятлари қандай?
- Ўйинлар оз қолаётган пайтда осон учрашув бўлмайди. Баъзан жамоаларнинг тақвимига қараб осон ёки қийин деб баҳо беришади, аммо мен бунга қўшилмайман. Кечаги "Қизилқум" – "Пахтакор" баҳси бунга мисол. Балки, "Пахтакор"га ОЧЛдаги ўйиндан кейинги чарчоқ таъсир қилгандир, аммо осон баҳс йўқ эканлиги аниқ. Бизни жуда оғир тақвим кутиб турибди. Чемпионатнинг сўнгги беллашувлари оғир кечади. Яратгандан барчаси биз истагандек бўлишини сўраб қоламан.
Фикрлар