Инсайдер Романо “Сити” юлдузи борадиган манзилларни аниқлади
“Манчестер Сити”да 2017 йилдан бери ўйнаб келаётган ярим ҳимоячиси Бернарду Силва жорий мавсум тугагач, клубини ўзгартиришни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда журналист ва инсайдер Фабрицио Романо X ижтимоий тармоғида хабар қилди.
Манбага кўра, португалиялик футболчининг кетиши ҳақида аниқ сигналлар январь ойидан бери кузатилмоқда.
31 ёшли футболчига Европа, Саудия Арабистони ва АҚШ клублари қизиқиш билдирмоқда. Қайд этилишича, қарор деярли қабул қилинган, аммо ҳали расмий эмас.
Силва мавсумнинг ҳал қилувчи қисмига “Манчестер Сити”да тўлиқ эътибор қаратиб, шундан кейин кейинги клубини танлайди. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнгача амал қилади.
Португалиялик юлдуз “Манчестер Сити”даги тўққиз йиллик фаолияти давомида барча мусобақаларда 449 та ўйин ўтказиб, 76 та гол урди. У олти марта Англия чемпиони бўлди, беш марта Англия Лига кубогини, уч марта Англия Суперкубогини, икки марта мамлакат кубогини қўлга киритган.
Шунингдек, у Чемпионлар лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам ғолиб чиққан.
Фикрлар