
“Интер” зўр ҳимоячини Италияга қайтармоқчи
Италиянинг амалдаги чемпиони “Интер” жамоаси ёзги трансферлар доирасида “Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Маттейс де Лигтни ўз таркибига қўшиб олмоқчи, дея хабар беради Италия нашрлари.
Миланликлар 25 ёшлик футболчини дастлаб ижарага олиш, кейинчалик эса тўлиқ сотиб олиш шарти билан трансфер қилишни режалаштирмоқда.
Ўз даврида "Ювентус"да порлаган Де Лигт кейинчалик "Бавария"га ўтиб кетганди. Ўтган ёзда "Бавария"дан "Манчестер Юнайтед" сафига келиб қўшилган футболчи АПЛда қийинчиликка учради. Чунки у “қизил иблислар” сафида жисмоний ҳолат билан боғлиқ муаммоларга дуч келди.
Шунга қарамай, у Премьер-лиганинг жорий мавсумида 28 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та ўйинда жамоасига дарвозани дахлсиз сақлашда ёрдам берган ҳамда 2 та гол урган.
Айни пайтда Европа Лигаси орқали Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун курашаётган “Юнайтед” янги ёзги трансферлар учун маблағ йиғиш мақсадида айрим футболчиларини сотишга мажбур бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Фикрлар