Ирисметов: Одил Остондан кучлироқ!
Ўз вақтида Москванинг “Спартак” жамоасида тўп сурган Жаъфар Ирисметов Остон Ўруновнинг бу жамоага ўтишига изоҳ берди ва вазиятдан фойдаланиб, россиялик мутахассислар ўзбек футболидаги яна қайси ўйинчиларга эътибор қаратиши лозимлигини ҳам маълум қилди.
- Остон Ўруновга “Спартак”да ўзини кўрсатиш қийин бўлади, унга кўпроқ ЦСКА услуби мос келарди. Шунга қарамай, ҳозир “спартакча футбол”, деган тушунча йўқ бўлиб келган. Ҳамма нарса ўйинчининг ўз қўлида ва мураббийнинг футболчидан нима хоҳлашива кутишига боғлиқ.
Ўрунов – майдон марказини ушлаб турадиган бақувват ўйинчи. У ҳали ёш ва тарбиялаб тўғри йўналтирилса, яна ўсади ва “Спартак”да муносиб тўп сура олади, - деди Жаъфар Ирисметов.
“Пахтакор”да спорт директор лавозимида фаолият юритаётган Жаъфар Ирисметов жамоасида Остон Ўруновдан кучли футболчилар ўйнаётгани, ўз ўрнида уларда Россияда тўп суриш истаги борлигига ҳам урғу берди.
- Ўзбекистон чемпионатининг энг истеъдодли таянч ярим ҳимоячилардан бири бу Одил Ҳамробековдир ва у ҳақиқатан Остон Ўруновдан анча кучли. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. “Пахтакор”да катта салоҳиятга эга ёш футболчилар кўп ва улар ўз фаолиятини Россияда давом эттиришни истайди. Ҳозир айрим таклифларни кўриб чиқяпмиз. Илгари ўзбек футболчилар Жанубий Кореяга кетишга интиларди.
Кўпчилик ёзаётганидек, Ўрунов кўп гол урадиган футболчи эмас. Бу вазиятда кўп нарса бош мураббийга ва у футболчини қайси тактик схема асосида майдонга туширишига боғлиқ бўлади, - дейди собиқ ҳужумчи.
Таъкидлаш лозимки, Остон Ўрунов ҳам асли “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин пойтахт жамоасида унга имконият берилмаган. Ёш футболчи катта футбол ҳавосидан “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоаларида баҳраманд бўлган. Миллий чемпионатда жами 55 та ўйинда ўзини кўрсатган 19 ёшли ярим ҳимоячи шу йилнинг бошида “Уфа”га ўтиб, илк бор легионер мақомида тўп сурди. Энди эса уни янада катта синовлар кутиб турибди.
Жаъфар Ирисметовнинг ўзи эса, 2001-2002 йилларда Россия чемпионатида “Спартак” ва “Анжи” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, миллий чемпионатимизнинг энг зўр тўпураларидан бўлган ҳужумчи легионер мақомида Греция, Беларусь, Украина, Хитой ва Қозоғистон жамоаларида ўйнаган. Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон чемпиони бўлган.
Ирисметов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 36 та учрашувда рақиблар дарвозасига 15 та гол урган.
Фикрлар