Ироқ бош мураббийи: "Ўзбекистон мардонавор ҳаракат қилди"

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 2-туридан ўрин олган Ироқ - Ўзбекистон учрашувида вакилларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Ироқ жамоаси бош мураббийи Эмад Муҳаммад иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

"Хайрли кеч! Қийин ўйин бўлди. Рақиб кучли эди. Шунингдек, мухлислар ҳам уларни ажойиб қўллаб-қувватлашди. Биз фақат гол ура олмадик, холос. Аммо ундан бошқа ҳамма нарса қилдик.

Ўзбекистон мардонавор ҳаракат қилди. Бироқ сиз гол ура олмасангиз, ғалаба қозона олмайсиз. Ўзбекистонни кейинги босқичга чиққани билан табриклайман!

Биз хатолар устида ишлашимиз керак. Шунга қарамай, барча камчиликларимизни бартараф эта олмаймиз. Ҳар қандай жамоа хато қилади. Бу табиий ҳолат. 

Яхши ўйин намойиш этдик. Кейинги турда ғалаба учун курашамиз.

Биз гол уриш учун ҳаракат қилдик. Йигитлар турли усуллардан фойдаланиб кўришди. Иккинчи бўлимда кўплаб вазиятларга эга бўлдик. Лекин ундан унумли фойдалана олмадик. 

Навбатдаги тур ўта муҳим. Сурия кучли рақиб. Бизга яхшигина бош оғриқ бўла олади", - деди мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!