Ислом Аҳмедов: "Терма жамоамиз ҳар томонлама замонавий ўйин намойиш этди"
Ўзбекистон миллий терма жамоамиз "CAFA Nation’s Cup" халқаро мусобақасининг дастлабки учрашувида Уммонга қарши майдонга тушди ва жавобсиз 3 та гол урган ҳолда мухлисларни қувонтирди. Тажрибали мутахассисларимиздан бири Ислом Аҳмедов учрашувдан кейин терма жамоамиз ҳақида гапирди.
“Машариповдан хурсандман. Қанақа қилиб шундай футболчи “Ал-Наср”да захирада қоляпти?”
- Биринчидан, ҳамма мухлисларни ғалаба билан табриклайман. Рақибимиз кучли ва ҳар томонлама яхши тайёргарлик кўрган жамоа эди. Уммон тажрибали мураббий қўли остида ўйнаяпти. Ўйин тўғрисида келсак, учрашувни кўриб хурсанд бўлдим. Кўпроқ янги номзодлар, истеъдодли футболчилар, ёшлар ҳам ўйинга чиқди. Менда бу учрашув яхши таассурот қолдирди. Мен учун энг муҳими, мураббийимиз шунақа тактика танладики, ҳимояда кучли бўлдик, кучли томонимиз тўп билан ҳужумга фаоллик кўрсатиш ва бу баҳсда чиройли, креатив футбол кўрдик. Жалолиддин Машариповдан хурсандман. Савол туғиляпти: қанақа қилиб шундай футболчи “Ал-Наср”да захирада қоляпти. У ажойиб ўйин намойиш этди.
“Ҳужумда Шомуродов бўлганида янада қизиқарлироқ бўларди”
- Шомуродовга Шомуродов бўлиши учун вақт керак эди. У аста-секин Шомуродов бўлди. Бизда истеъдодли ҳужумчилар кўп. Уларни танлаб, имконият бериш керак. Аста-секин унинг ўрнини босишади. Агар ҳужумда Шомуродов бўлганида ундан ҳам қизиқарлироқ бўларди.
“Терма жамоамиз энг яхши ўйинини кўрсатди”
- Катанец терма жамоа билан иккинчи йил ишлаяпти. Менинг фикримча, жамоа ўзининг энг яхши ўйинини кўрсатди. Ҳар томонлама завонавий ўйин намойиш этди. Ҳимояда, ҳужумда, тўп йўқотганда, тўпни олиб қўйганида, умуман тезлик билан бўлди. Чиройли ўйин кўрдик. Осиё Кубогини ютиш учун ҳар учрашувда шунақа ўйин кўрсатиш керак бўлади. Футболчиларда ўйиндан-ўйинга ўсиш бўлиши керак.
“Ташкилий томондан ишлар юқори даражада”
- Менда Қирғизистон-Афғонистон ўйинини стадионда томоша қилиш имкони бўлди ва бундан фойдаландим. Энди 16 июнда Қирғизистон-Эрон ўйинини ҳам бориб кўрмоқчиман. У ўйин билан бизни ўйинни солиштирсак, катта фарқи бор. Бу мусобақа мамлакатларимиз учун жуда керакли. Ният қиламанки, кейинги йили жамоалар сони кўпаяди. Кўряпманки, ташкилий томондан юқори даражада ишлар йўлга қўйилган. Ярим финал ва финалда янада замонавий футбол кўрамиз. Умид қиламанки, Ўзбекистон терма жамоамиз шундай ўйинини ўйиндан-ўйинга кўрсатиб бораверади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар