Ислом Маматказин: "Ўйинни ўзида ютиб кетишимизга ишонгандик. Қандайдир ўзгача руҳият бор эди"
“Андижон” клуби 2024 йилги Ўзбекистон Кубогини мардонавор тарзда қўлга киритгганидан хабарингиз бор.
Бутун жамоа ғалабага муносиб ва ҳақли ўйин кўрсатди. Захирадан майдонга туширилганлар ҳам тўла ишончни оқладилар.
Масалан, ҳимоячи Ислом Маматказин интригани янада кўтаришга сабабчи бўлди.
Фаолиятида илк бор Кубокни қўлга киритган Ислом клуб матбуот хизматига интервью берди.
- Тарихий ўйин ва тарихий ғалаба ҳақида бутун Ўзбекистон гапиряпти. Нималар ҳаёлингиздан ўтяпти?
- Тўғриси, тарихий ўйинни, нима қилганимизни, қандай тарих ёзганимизни ҳали ўзимиз ҳам тушуниб етганимиз йўқ. Бу барчамиз учун унутилмас онлар!
- Илк бор соврин ютдингиз. Бунинг гашти қандай экан?
- Тўғри таъкидладингиз, фаолиятим давомидаги илк совринни ютдим. Таассуротларим ўзгача. Оддий гап билан тасвирлаб бера олмайман. Барибир бу биринчиси ва бошқача бўлади.
- Финалнинг мана шундай драмага айланишини кутганмидингиз?
- Кутилганди. Финалда водий дербиси бўлишидан ташқари ҳам бундай жамоалар ўртасидаги ўйин доимо шиддатли бўлади. Бу финал қўшимча бўлгани учун ўйин янада шиддатли бўлиши кутилганди. Ҳамма буни билганди, биз ҳам мана шундай тарзда ўтишини кутиб тургандик.
- Захирадан майдонга тушиб охирги дақиқаларда қаҳрамонлардан бирига айландингиз. Айниқса, кутилмаганда тўп оёғингизга тегиб дарвозамиздан жой олгач, дарҳол гол билан жавоб қайтаришимизни ўйладингизми ёки пенальтилар серияси ҳақида ўйлашни бошладингизми?
- Захирадан майдонга тушганимда гол уришни кўнглим сезди. Жамоамни ғалабасига ҳисса қўшганимдан бахтиёрман. Футболчиларда пенальтилар сериясигача етиб бормаслигимиз, бунга йўл қўймаслигимиз бўйича ишонч бор эди. Ўйинни ўзида ютиб кетишимизга ишонгандик, қандайдир ўзгача руҳият бор эди.
- Бу ғалабани кимга бағишлайсиз?
- Ушбу ғалабамизни шубҳасиз, бутун Андижон халқига бағишлаймиз.
- Жамоа асосий мотивацияни қаердан олди?
- Бу финалга ортиқча мотивация шарт эмасди. Тарихда илк бор финалга чиққанимизни ўзи мотивация эди. Майдонга фақат ғалаба учун тушгандик. Худога шукр, меҳнатларимизга яраша юзимиз ёруғ бўлди.
Фикрлар