Испания бир неча рекорд ўрнатиб кетди

Германияда ташкил этилган Европа чемпионати Испания терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди. “Евро-2024”да испанларни тўхтатадиган рақиб топилмади.

Луис де ла Фуэнте шогирдлари мусобақа давомида бир неча янги рекордларни қайд этганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Испания Европа чемпионатлари тарихида битта мусобақада энг кўп тўп киритган терма жамоа бўлди. Испанлар гуруҳ баҳсларида Италия, Хорватия ва Албания терма жамоаларига жами бешта гол уриб, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Плей-оффда Грузияни 4:1, Германия, Франция ва Англиянинг бир хил – 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Еттита беллашувни ўз фойдасига ҳал қилган испанлар жами 15 та гол урди ва бу янги рекорд сифатида қайд этилди.

Бундан ташқари, Испания терма жамоаси Европа чемпионатларида тўртинчи маротаба бош соврин соҳиби бўлди. Ҳали бирор терма жамоаси қитъа чемпионатида бу қадар кўп ғалаба қозонмаган. Испания 1964, 1984, 2008, 2012 ва 2024 йилги чемпионатлар финалида ўйнаган ва фақатгина қирқ йил олдин – 1984 йилги ҳал қилувчи баҳсда мағлуб бўлган холос.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!