"Истиқлол" сардори ўзбек клубларининг таклифини нега қабул қилмаганини биласизми? Ёхуд қаҳрамонга айланаётган Алишер Жалилов билан интервью
“Истиқлол” клубининг Осиё Чемпионлар лигасидаги саргузаштлари барчани ҳайрон қолдираётгани рост. Чунки кўпчилик тожикистонликлардан бундай қаҳрамонликни кутмаганди.
Албатта, Тожикистон терма жамоаси ўзагини ташкил этувчи “Истиқлол” футболчилари Саудиядаги нуфузли мусобақада ўзларининг энг яхши сифатларини кўрсатишяпти. Бу борада клуб сардори Алишер Жалиловнинг ўрни беқиёс.
28 ёшли ярим ҳимоячининг фаолиятига назар ташласак, унда тажриба катталигини кўриш мумкин. “Истиқлол”га келгунига қадар асосан Россияда тўп сурган. “Локомотив”, “Рубин”, “Нефтехимик” ва “Балтика” жамоаларида тўп сурганининг ўзиёқ унинг чиндан ҳам анча истеъдодли эканини билдириб турибди.
Бугунги кунда “Истиқлол”нинг ўйини айнан Алишер Жалилов атрофида қурилган. Агар гуруҳ ўйинларини кузатаётган бўлсангиз, жамоа сардори сифатида тўп сураётган ушбу футболчини “Истиқлол”нинг юраги эканини англаш қийин эмас.
Куни кеча 5-тур доирасида “Шабаб Ал-Аҳли”га қарши учрашувнинг 90+6-дақиқасида Алишернинг киритган голи “Истиқлол”ни кейинги босқичга олиб чиқди. Демак, Жалилов ва унинг жамоаси янги тарих ёзишда давом этмоқда. Ушбу учрашувдан кейин Алишер sports.uz мухбири билан суҳбатлашди.
- Алишер, “Истиқлол” клуби Осиё Чемпионлар лигасида барчани ҳайрон қолдиряпти. Айтинг-чи, жамоа қаердан куч оляпти?
- Жорий мавсумдаги Осиё Чемпионлар лигасида яхши иштирок этиш учун биз бир ойдан зиёдроқ вақт давомида тайёргарлик ишларини олиб бордик. Шу вақт ичида йиғинлар ўтказилди, назорат учрашувлари ташкил этилиб, унда имкониятлар синаб олинди. Шунинг баробарида машқларда астойдил тўкилган тер ўз самарасини бериб, клубимиз жорий мавсум Чемпионлар лигасида яхши иштирок этган ҳолда кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этишга муваффақ бўлди.
- “Шабаб Ал-Аҳли”га қарши учрашувда сизнинг ўйин охирида киритган ягона голингиз “Истиқлол”ни кейинги босқичга олиб чиқди. Учрашув ҳақида қандай фикр билдира оласиз?
- Биз Чемпионлар лигасидаги учрашувлар мана шундай кўтаринки руҳда ўтаётганидан жуда хурсандмиз. Ҳа, “Шабаб Ал-Аҳли” билан ўйин энг мураккабларидан бири бўлди. Буни инкор этиб бўлмайди. Аммо биз руҳиятни туширмай майдонда охирги кучимизни сарфлаганча кураш олиб бордик ва бунинг самараси ўлароқ муносиб тақдирландик. Энди гуруҳдан навбатдаги босқичга йўл олиш учун охирги қадамни ташлашимиз қолди холос.
- Ўз вақтида сизга АГМК ва “Локомотив” жамоаларидан таклифлар бўлганини эшитдим. Нега рози бўлмагансиз?
- Бўлмасам-чи! Юқорида санаб ўтилган клублар томонидан менинг хизматимга қизиқишлар бўлгани рост. Аммо “Истиқлол”даги барча шарт-шароитлар мени тўла қаноатлантиряпти. Шу сабаб менинг барча режаларим айни пайтда бевосита “Истиқлол” клуби билан боғлиқ.
- Аслида Ўзбекистон чемпионатида тўп суриш сизни қизиқтирадими?
- Ҳозир бу саволингизга жавоб бера олмаслигим аниқ.
- Шунингдек, сиз Россияда “Локомотив” ва “Рубин” клубларида ҳам тўп сургансиз. Бундай катта жамоаларга қандай бориб қолгансиз? Умуман, Россиядаги фаолиятингиз қандай кечган?
- Болалик чоғимда Россияда ўсдим, футбол сир-асрорларини ҳам ўша ерда ўзлаштирдим. Айнан Россияда футболчи сифатида шаклландим. Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, “Рубин” ва “Локомотив” клубларидан ҳам таклифлар олдим. У ердаги фаолиятим яхши кечган.
- Шу билан бирга Россия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ҳам тўп сурган экансиз. Кейинчалик у ерда қолишингиз ҳам мумкинмиди?
- Йўқ, мен ҳар доим Тожикистон терма жамоасида тўп суришни орзу қилганман. Бундай орзум рўёбга чиққанидан жуда хурсандман.
- Кейинги режаларингиз қандай? “Истиқлол”дан сўнг, қаерга кетишни хоҳлайсиз?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳозирда барча режаларим “Истиқлол” билан чамбарчас боғлиқлиги боис бошқа ерга кўчиб ўтиш ниятида эмасман.
- Тожикистон терма жамоасини бошқараётган Усмон Тошевнинг ўйин услуби ҳақида қандай фикрдасиз?
- У – жуда яхши мураббий. Терма жамоамиз устози очиқ футбол намойиш этиш тарафдоридир. Айнан шу услуб унга ёқади. Ўз ўрнида ҳар қандай ишқибоз мана шундай очиқ футбол томоша қилишни истайди.
Фикрлар