Иван Соловьёв: "Локомотив"дан кетаётганим рост"
Суперлигага қайтишга муваффақ бўлган “Локомотив” жамоасида ўзгаришлар бўлиши муқаррар. Чунки мураббийлар штаби ва жамоа таркибига янги ижрочилар таклиф қилинмоқда.
Про лигада тўп сурган ўйинчилар, айниқса, легионерлар билан дўстона хайрлашишмоқда.
Жумладан, россиялик футболчи Иван Соловьёв ҳам “Локомотив”ни тарк этгани маълум бўлди.
Sports.uz журналисти ушбу ўйинчига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.
- Иван, инстаграмдаги саҳифангизда “Локомотив”дан кетганингиз ҳақида ёзибсиз. Бу қарорингиз қатъийми?
- Ҳа тўғри, менинг “Локомотив” клубидан кетаётганим рост.
- “Локомотив” яна Суперлигага қайтди. Бу нарса сизни у ерда қолишингизга туртки бўлмадими? Яъни, Суперлига сизга мотивация бағишламадими?
- Нима учун мотивация беради? Бу менинг қарорим эмас. Кўряпсиз, “Локомотив”ни Суперлигага қайтишига ҳисса қўшган бир қатор футболчилар ҳам клубни тарк этишяпти.
- Биринчи марта про лигада ўйнадингиз. У ердаги савия сизда қандай таассурот қолдирди?
- Нима десам бўлади? Савияси у қадар кучли эмас. Шунинг учун про лигага тушиб кетган жамоалар тезда яна Суперлигага қайтишяпти.
- Кейинги режангиз қандай? Олдингизда аниқ таклифлар борми?
- Режаларимга келсак, ҳозир уйда дам оляпман. Ўзим туғилиб ўсган ватанимда мини футбол жамоасидан таклиф олдим. Биз иштирок этадиган турнирда ютмоқчимиз. Бошқа таклифлар ҳақида ҳозирча билмайман. Менежерим билан гаплашиб олганимдан кейин ҳаммаси ойдинлашади. Балки Россияда қолишим ҳам мумкин.
- Умуман олганда, про лигадан кейин Суперлигада тўп суриш қийин бўлмайдими? Яна чемпионатимизда қолиш ниятингиз борми?
- Ёш футболчиларга қийин бўлади. Мени ёшим ҳам катта бўлиб боряпти. Билмайман, вақт кўрсатади.
- “Локомотив”да сизга кўпроқ нима ёқди?
- Менинг фикримча, мураббийлар штабига кўпроқ имконият беришлари керак эди.
- Бу клубда жиддий ўзгаришлар бўлаётгани эшитяпмиз...
- Ҳа, бу ҳақиқат. Бу ўзгаришлар “Локомотив”га нима олиб келишини кўрамиз. Албатта, клубга омад тилайман. У ерда бир йил аҳил жамоа бўлиб ишладик. Ҳаммага миннатдорчилик билдираман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар