Жаҳон чемпионати: Ўзбек боксчисининг рақиби бир раундга ҳам дош бермади
Зарбалар ўта кучли бўлди
Ўзбекистонлик ёш боксчи Асадбек Султонбоев Черногориянинг Будва шаҳрида ўтаётган 19 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичида литвалик рақиби Даумантас Вилкас устидан муддатидан аввал ғалаба қозонди.
90 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги жанг биринчи раунддаеқ якунланди. Ҳақам беллашувни тўхтатиб, Асадбек Султонбоевга RSC қоидасига мувофиқ ғалаба берди. Шу тариқа, ўзбекистонлик боксчи техник нокаут ҳисобига зафар қучиб, жаҳон чемпионатининг чорак финалига йўл олди.
World Boxing ҳамжамияти ҳимояси остида ўтаётган жаҳон чемпионати 16–27 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Мусобақада 69 та миллий федерация вакиллари иштирок этмоқда. Улар жами 20 та вазн тоифасида — ўнта эркаклар ва ўнта аёллар йўналишида медаллар учун кураш олиб бормоқда.
Изоҳлар (0)