Жаҳон чемпионати U-20. Индонезиядаги мундиал атрофида қизиқ воқеалар содир бўляпти...
20 майдан 11 июнга қадар Индонезияда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда яқинда мамлакатимиздаги Осиё кубогида чемпионликни расмийлаштирган Ўзбекистон термаси ҳам иштирок этади. 31 март санасида эса мазкур турнир гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилиши керак эди. Бироқ маълум сабабларга кўра маросим бекор қилинди. Хўш, бунга сабаб нима? Қуръа ташлаш маросими ўтказиладими ўзи? Жаҳон чемпионати бекор қилиниши ҳам мумкинми?
Индонезияда бўладиган мусобақага мамлакатнинг олти ҳудудидан иккитаси, яъни Бали ва Марказия Ява региони Исроил давлатининг киришини истамаслигини маълум қилди. Бу қарорга Ироқ давлати ҳам хайрихоҳ эканини билдирган. Агар Индонезия тараф шу қарорда қоладиган бўлса, турнир кечиктирилиши, бошқа давлат мезбонлигига ўтказилиши ёки умуман бекор қилиниши ҳам мумкин.
Муаммога ечим сифатида Исроил термасининг гуруҳ босқичидаги ўйинларини Индонезияга яқин бўлган Сингапур мамлакатида ўтказиш варианти ҳам мавжуд. Бироқ агар Исроил гуруҳдан чиқадиган бўлса, вазият яна мураккаблашади. Бу ҳақда таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз телеграм каналида тўхталиб ўтган.
Ҳозирча 31 март санасида ўтказилиши бекор қилинган қуръа ташлаш маросими қачон ўтказилиши очиқланмади.
Маълумот ўрнида, мезбон Индонезия автоматик тарзда 1-саватдан жой олган. Ироқ эса 3-саватда қайд этилган. Исроил термасини энг сўнгги 4-саватда кўришимиз мумкин. Бу дегани Индонезия ҳам, Ироқ ҳам гуруҳ босқичида европаликларга дуч келиши мумкин.
Қайд этиш лозим, Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон термаси Нигерия, Япония, Ироқ, Гондурас ва Фижи билан бирга 3-саватчадан ўрин олган. Шу тариқа, вакиларимизга Индонезия, Жанубий Корея ва юқорида номи тилга олинган жамоаларнинг рақиб бўлмаслиги аниқ.
Шоҳрух Зоиров тайёрлади.
Фикрлар