Жаҳонгир Қорабоев талқинидаги Ўзбекистоннинг афсонавий ММА жангчилари билан танишинг!

  • 12 июль, 2022, 12:16
  • 0
  • MMA

Андижон вилоятида ММА ҳамда жанговар самбонинг ривожланишида мураббий Жаҳонгир Қорабоевнинг ўрни катта ҳисобланади. У кўплаб чемпионларни юртимиз спортига тарбиялаб берганлиги ҳам сир эмас. Юртимизда ММА бўйича республика чемпионатлари ўтказилаётганидан буён андижонлик спортчилар етакчилик қилиб келмоқда.

Биз Андижонда ушбу спорт турининг кенг қулоч ёзаётганлигининг сабаби ва бошқа саволлар билан  Жаҳонгир Қорабоевга мурожаат қилдик.

- Андижонлик спортчилар ММА ҳамда жанговар самбо йўналиши бўйича доимо юртимизда етакчилар қаторида эътироф этилади. Бунинг сири нимада?

- Бизнинг вилоятда ушбу спорт турларига бўлган қизиқиш катта. Бу жуда кучли рақобатни юзага келтиради. Шунингдек, болалар қаттиқ меҳнат қилишади. Қолаверса, вилоятимиз ҳокими ҳам спортчиларимизни доимо қўллаб-қувватлаб келади. Ушбу омиллар вилоятда мазкур спорт турларининг ривожланишига сабаб бўлмоқда. 

- Андижон ММА терма жамоасининг республика миқёсида кўп бора 1-ўринни қайд этаётганининг замирида барибир кучли жанговар самбо мактаби шакллангани бўлса керак?

- Битта ушбу спортни айтсам тўғри бўлмайди. Қолган яккакураш турларининг ҳам ўрни бор. 

Биламизки, Аҳлиддин Мирзадавлатов, Шоҳасан Мирзаматов, Авлиёхон Ҳамидов ҳам сизнинг шогирдингиз ҳисобланади. "МПЛ 6"турниридаги Аҳлиддиннинг жанги борасида қандай фикрдасиз?

- Аҳлиддин жуда талантли спортчи. Куп меҳнат қилади. Кураши ва зарба техникаси ҳам ажойиб шаклланган. Энди, унинг фаолиятида жароҳат сабабли танаффуслар бўлди. Жангни кўрдим. У ўзини ишини қилди ва ғалаба қозонди. Унинг салоҳияти жуда юқори. Ҳали яхши натижалар қайд этади. 

Айнан Аҳлиддин ҳақида сўз кетганда, у бир неча йиллар аввал қозоғистонлик ҳозирда UFC жангчиси Шавкат Раҳмонов билан жанг қилганди. Ушбу баҳсда бевосита сиз мураббийлик қилгансиз, мазкур қарама-қаршилик ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- 2013 йил Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ташкил этилган IMMAF бўйича жаҳон чемпионати финалида учрашган. Қизиқарли жанг бўлган. Биринчи раундни жуда яхши бошлаган ва ғалаба қозонганди. Кейинги раундда эса ташаббусни бериб қўйган. 

-Ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ҳам Андижон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олди. Айтингчи, ушбу жамоа сафида нечта клубингиз аъзоси бор эди?

-  6 та чемпион бўлган бўлса, уларнинг 5 таси бизнинг клуб вакиллари эди. Олтинчи чемпион ҳам шогирдим Фурқат Каримов клубидан бўлди. 

Ҳозирда Ўзбекистон ММА оламидаги кўп юлдузга айланган шогирдларингизни яхши биламиз. Айтингчи, энди ўсиб келаётган шогирдларингиздан кимлар келажакда юқори натижалар қайд этади, деб ўйлайсиз?

- Шукурулло Рустамов, Абдураҳмон Ғофуров, Раҳматилло Юлдашевни айтиб ўтган бўлардим. Умуман олганда бундай ёшлар жуда кўпчиликни ташкил этади. 

ММА оламида буюк самбочиларни кўрганмиз. Фёдор Емельяненко, Ҳабиб Нурмагомедов супер натижалар қайд этган. Нима деб ўйлайсиз, ҳар қандай мукаммал самбочи ММАда яхши натижа қайд эта оладими?

-Жанговар самбо ММАга яқин спорт тури ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кўп самбо усталари ММАда ҳам ўзларини кўрсатмоқда. Бироқ, бу нисбий тушунча, деб ўйлайман. Ҳар қандай яккакурашнинг мукаммал, беназир бўлган вакили ММАда ҳам йўқолиб қолмайди, деган фикрдаман

- Сиз ММА оламидаги фахрий ва энг тажрибали мураббийлардан саналасиз. Айтингчи, хақиқий ўзбек ММАсининг афсонавий жангчилари сифатида кимларни айтиб ўтган бўлардингиз?

- Суннат Ильясов, Аюбхон Камалов, Тимур Юнусов, Шавкат Ўроқов, Музаффар Раджабов ва Мурод Хонтўраев.

ака жаҳон_1

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!