Жаҳонгир Зокиров: " Жо Жойс ва Филипп Хргович ҳайрон қолишди"
Юртимиз бокс оламида истеъдодлар жуда кўп. Жумладан, ўсмир ва ёшлар тоифасида деярли барча нуфузли мусобақаларда ғалаба қозонган Жаҳонгир Зокиров ҳам ўзбек бокси келажаги сифатида эътироф этилмоқда. Оғир вазн тоифаси вакили бўлган, Зокиров куни кеча ўзи якунига етган катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатида ғалаба қозонди. Биз ушбу боксчимиз билан боғланиб, қисқача суҳбатда бўлдик?
- Aввало Ўзбекистон чемпионатидаги ғолиблик билан табриклайман. Ушбу мусобақа ташкилотчилиги, таассуротлари билан ўртоқлашсангиз?
- Ассалому алайкум. Табрик учун раҳмат! Назаримда бу галги чемпионат аввалгиларидан сира қолишмайдиган тарзда, юқори савияда бўлиб ўтди. Ташкилотчилик ҳам яхши бўлди. Рақобат кучли кечди.
- Сиз яқиндагина профессионал боксда ҳам дебют жангини ўтказдингиз. Барибир ҳаваскор ва профда услуб бироз бошчақа бўлади. Сизга бу қай даражада сезилди? Қийинчилик туғдирмадими мослашув?
- Тўғри, ҳаваскор билан профессионал бокс анчагина фарқ қилади. Ўйлайманки, яхши мослашиб олдим. Бу борада қийинчилик сезмадим. Албатта, бунда мураббийларимнинг ёрдами катта бўлди.
- Aмерикада тайёргарлик давомида машҳур проф боксчилар, Жо Жойс ва Филип Хргович билан спарринглар ўтказгансиз. Улардан қандай тажрибалар олдиз? Уларга қай даражада "қийнадим" дея оласиз?
- Албатта, тажрибали боксчилар билан спарринглар яхши ўтди. Улардан кўп нарса ўргандим. Айниқса, Филипп Хрговичдан ўзимга керакли бўлган тажрибани олдим. Тўғриси, улар мендан жиддий қаршиликни кутмаганлигини айтишди. "Бу қандай бокс, қайси мактаб?",- дея ҳайрон қолишди.
- Энди яна ҳаваскор боксда давом этасизми ёки профда ҳам жанглар ўтказиб турасизми?
- Асосан эътиборимни ҳаваскор боксга қаратаман. Бироқ, профессионал йўналишда ҳам рейтингимни яхшилаб бориш учун, жанглар таклиф қилишса, албатта рози бўламан.
- Париж Олимпиадасида Баҳодир Жалолов йўлланмани қўлга киритди. Ундан кейинги Олимпиадада иштирок этиш ниятингиз борми?
- Ҳа, 2024 йилда Баҳодир Жалолов иштирок этади. Шубҳасиз, 2028 йилги Олимпиадага йўлланма олиб, иштирок этаман, деган умиддаман.
Фикрлар