Жалолиддинов худди Мессидай ўйнайди!

Россия премьер-лигаси янги мавсуми олдидан мутахассислар трансфер бозоридаги янгиликлар, клублар томонидан таклиф этилган футболчиларнинг имкониятлари, легионерларнинг ўзига хос хусусиятлар, ўйин услуби, турли тактик схемалар ва статистикаларни таҳлил қилишга киришиб кетди.

Хусусан, Россия футболи мутахассисларини қамалиб чиққанидан кейин фаолиятини юқори  босқичга кўтариш учун “Спартак”га келган Александр Кокорин , Аргентинадан тўпурарлик учун 8,5 миллион еврога ЦСКАга жалб қилинган Адольфо Гайч, “Рубин”да етакчилик масъулияти юкланган Олег Шатов, “Тамбов”нинг қирқни қоралаб қўйган янги дарвозабони Сергей Рижиков, Англия чемпиони сифатида “Зенит”га қўшилган Деян Ловрен, “Уфа”да ҳаммани ўзига қаратиб “Спартак”га ўтган Остон Ўрунов ва “Локомотив”нинг “сирли футболчиси” Жасур Жалолиддинов номзодлари жиддий қизиқтирмоқда.

Биз мухлисларни россиялик экспертларнинг ҳар икки футболчимизга берган таърифи билан таништирамиз.

Жасур Жалолиддинов

18 ёшли Жасур “Бунёдкор”дан 1 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига “Локомотив” таркибига қўшилди ва москваликлар билан беш йиллик шартнома имзолади. У янги клубида 23 рақамда тўп суради.

Премьер-лига футбол экспертлари Жасур Жалолиддинов ҳақида фикр юритганда уни машҳур ҳужумчи Лионель Мессига қиёслашмоқда.

1596607966_1_1

Жасур Жалолиддиновга “Локомотив” қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, Россия оммавий ахборот воситалари уни “ўзбек Мессиси”, деб бонг ура бошлади. Жасур ҳақиқатан чапақай ва у “Барселона” сардори каби ўнг қанотдан ҳужум уюштиришни яхши кўради. Ҳамма мақтаётган бу ҳужумкор футболчи “Локомотив”да ўзини кўрсатиши керак.

Москваликлар “ўзбек Мессиси” яқин келажакда “Локо” етакчиси Алексей Миранчукнинг ўрнини тўлиқ босишини кутмоқда. Миранчукнинг ўзи Европани забт этишга бел боғлаган. У жамоада қолган тақдирда ҳам, Жоау Мариу ва Жефферсон Фарфан каби машҳур футболчиларидан айрилган жамоа учун истеъдодли ёш легионер ҳеч ортиқчалик қилмайди. Зотан, у келажакни кўзлаб олиб келинди.  

Остон Ўрунов

Остон гарчи “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлса-да, футболчи сифатида “Навбаҳор”да шаклланди. Наманганлик футбол мухлислари уни жанговар ўйинчи сифатида ҳурмат қилади. Кейин Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига ўтган 19 ёшли футболчи пойтахтда ҳам узоқ ушланиб қолмади. “Уфа” иқтидорли ярим ҳимоячи учун 200 минг евро тўлади.  

Шамиль Газизовнинг “Спартак”даги бош директорлиги вақтида илк трансферларидан бири унинг собиқ клуби футболчиси Остон Ўрунов бўлди. Маълумотларга қараганда, “Спартак” бу трансфер учун 1,5 миллион евро харажат қилган. Остон янги жамоасида яхши ният билан жаҳон чемпиони Андре Шюрлле ўйнаган 20-рақамни танлади.  

Бу футболчи миллий чемпионатнинг иккинчи қисмида “Уфа”га келиб ярқ этиб порлади. Уфаликлар таркибида атига 10 марта майдонга тушган футболчи ўзининг ёрқин ўйини ва такрорланмас ҳаракатлари билан қисқа фурсатда жамоаси етакчиси ва Россия премьер-лигасидаги барча топ-клублар орзусига айланди.

Ҳозирча, “Спартак” бош мураббийи Доменико Тедеско универсал футболчилар тоифасига кирадиган Остон Ўруновни қайси позицияда ўйнатиш бўйича якуний қарорга келгани йўқ. Буни мутахассиснинг ўзи ҳам алоҳида таъкидлади.

r_5NyHr65_A

- Энг муҳими, биз ёш футболчи билан шартнома туздик. Ҳозир бир биримизни ўрганиш учун вақт керак. У охириги уч ҳафта меҳнат қилмади. Коронавирусдан даволанди. Ҳозирги вазифамиз уни эҳтиёт қилиш ва ҳимоялаш. Унга вақт беришимиз керак. Яхши ўйинчилар бир неча позицияда ўйнай олади. Ўрунов ана шунақа яхши футболчи.

У ёш ва жуда иқтидорли, бизнинг схемамизда 8-рақам вазифасини бажариши мумкин ёки иккинчи ҳужумчи, қанот ҳимоячиси, таянч ярим ҳимоячиси, ҳатто марказий ҳимоячи ўрнида ҳам ўйнашга қодир. У кучли футболчи. Ҳозирча уни қайси позициясида ўйнатиш бўйича бир қарорга келмадим, лекин яхши футболчига доимо жой топилади, - деди Тедеско.

Хуллас, ўзбекистонлик футбол мухлисларининг Россия чемпионатига эътибори ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Юқорида номи тилга олинган футболчилардан ташқари, “Ростов” тўпурари Элдор Шомуродовнинг иштироки ҳам ҳамюртларимиз диққат марказида турибди. Биз эса, уларга фаолиятлари давомида улкан муваффақият ва кўп ғалабалар тилаймиз.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар