"Жамоамизда характер бор, аммо маҳорат йўқ" - "Ҳумо" бош мураббийи иштирокидаги матбуот анжумани (тўлиқ)

- Рақибни ғалаба билан табриклайман. Сен урмасанг, сенга уришади - бу хоккейдаги ёзилмаган қонун. Учинчи даврда кераксиз четлатишлар бўлди. Айнан шу жиҳат ўйинимизни синдирди ва якунда очкосиз қолдик. Шундай бўлсада, охиригача курашдик ва ўйинни қутқариб қолишга ҳаракат қилдик. Жамоада характер бор, аммо кўплаб хоккейчиларда маҳорат йўқ. Уларга сабр етишмаяпти. Йигитларим ёш, улар бир ўйини зўр ўйнаб бериши мумкин, аммо икки-уч марта буни такрорлай олмайдилар. Ҳозирча руҳия жиҳатдан тайёр эмасмиз. Бу борада иш олиб борамиз.

- Биринчи давр сўнгги ва иккинчи давр бошида жамоа бутунлай ўзгарди, хатолар бошланди ва шунчаки рақига шайба бериб қўйилди. Бу нима билан боғлиқ?

- Қайтараман, бизнинг кўплаб ўйинчиларимиз Олий лигада ўйнамаган. Ўзингинз ҳам кўриб турибсиз, биринчи бешлик яхши ўйнамоқда, бироқ кейин... Улар ҳам ҳаракат қилишмоқда, улар ҳам асабийлашишмоқда. Рақиб ўтган мавсум плей-оффда ўйнаган жамоа эди. Бизнинг аксарият хоккейчиларимиз эса у қадар юқори даражада эмаслар. Бунда ғалаба шунчаки келиб қолмайди. Сабр билан чидаш керак. Бизга эса чидамлилик етмади.

- Олдинда бир-биридан қийин бўлган сафардаги ўйинлар кутиб турибди. Уларда нима кутяпсиз ва нимага умид билдиряпсиз?

- Ҳар бир ўйинга бўлгани каби тайёрланамиз. Ҳозир бизга очко керак. Рақиб ким, бунинг қизиғи йўқ. Майдонга тушиб, ўйнаш керак. Ҳар бир учрашувга йигитларни тайёрлаб, руҳини кўтараман. Изланиш, ўрганиш керак. Жамоамиз кўп нарсаларни ўрганиши керак. Жамоамизга маҳорат етишмаяпти. Масалан Евгений Григоренкони олайлик. У яхши савиядаги хоккейчи, аммо илгари ҳеч қачон етакчи мақомида ўйнамаган. Ҳозир эса у жамоамиз лидери, кўп нарсалара унинг ўйинига боғлиқ. МХЛдаги Ковальчук, Дацюк, Макдэвидларга бир қаранг.  22-23 ёшли хоккейчилар, аммо жамоасини ўз ортидан эргаштира олади. У кўникмаларини ошириб, етакчиликни тўлиқ қўлига олиши лозим. Павел Здунов учун хурсандман. Аввал бошида у қадар кўзга кўринмаган бўлсада, ҳозир ҳар баҳсда гол киритмоқда ва доимий ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Ҳозир жамоамдаги ҳеч бир хоккейчи керакли даражага чиқиб улгурмади. Захира бор ҳали.

- Мавсум аввалида шайбани ўйинга киритиш ва вазиятларни голга айлантириш борасида муаммолар бор эди. Ҳозир кўп нарса ўзгарганлигини кўрдик. Бугун Ворошило музда ҳақиқий қиролга айланди. Ҳеч бир яккакурашда имкониятни бой бермади. Жамоа сон жиҳатдан устунликда бўлган вақтда гол киритишни ўрганди. Аммо зарбалар ва улардан фойдаланиш борасида ҳамон оқсалмоқдамиз, бирга-бир вазиятлар кўкка совурилмоқда. Бугун Мережко хато қилишдан қўрқаётгандек таассурот қолдирди. Бу хатоларни янги ўйинчиларсиз тузатиш мумкинми?

- Мережкода тажриба кам. Тўғри, у АҚШда ўйнаб келган, аммо ҳали кўп ишлаши керак. Йигитлар тайёрланишлари ва ўз устиларида ишлашлари лозим. Видео машғулотларда ҳам, оддий машғулотларда ҳам шуғулланишлари керак. Шунчаки ўрганиш учун бироз вақт ҳам зарур. Вазиятлар борасидаги муаммо сафар учрашувларида ҳам мавжуд эди. Биз имкониятни бой берган баҳсларда ўйин жиҳатдан рақибга мағлуб бўлмаганмиз. Хавфли вазиятлар ва зарбалар борасида устунлик бизда бўлиб келган. Маҳорат шунда билинадики, улар икки-учта вазиятдан ҳам унумли фойдаланиб кетишмоқда. Маҳорати кам жамоа эса гол киритиш учун 4-5 бор ҳаракат қилиши керак. Тенг ўйин, тенг имкониятлар, кўп гол урган ғалаба қозонади, голни эса маҳорати борлар уради.

Бугун бир қатор ҳимоячиларни ўзгартирдим. Бугун Таталиннинг ўйини умуман чиқмади ва Мережкони майдонга ташладим. Ҳар учрашувда таркибни алмаштиришга тўғри келмоқда. Агарда стабил ўйинчилар бўлса, сиз айтарли ҳеч нарсага ўзгартириш киритмайсиз. Бу ерда эса тинимсиз ишлаш керак, ким қандай ўйнаётганлигини кузатиб бориш лозим. Энг яхшиларни эса ўйин сўнгига олиб қўйиш керак. Агар, яхши 4 та бешлик бўлса, мураббий ортда қўлини қовуштириб ўтириши мумкин. Бизда эса бундай эмас. Бироқ қўрқинчли ҳеч нарса йўқ. Ишлашда давом этамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!