Жар ёқасидагилар! “Динамо” ортидан ким пастга “қулайди”?

Ўзбекистон Суперлигаси якунланишига 2 тур қолган бир пайтда, чемпионлик масаласи очиқ тургани қувонарли. Бу курашларга бой чемпионат ўзгача ритмда давом этишини таъминламоқда. Турнир жадвалининг пастида эса ундан сира қолишмайдиган “аёвсиз” жанг ҳали якунига етгани йўқ. Хўш, ким “Динамо”нинг ортидан Про лигага йўл олади? Элитада қолиш учун курашаётган 3 жамоанинг имкониятларини кўриб чиқамиз!

“Ажойиб” формага кирган “Сурхон”

Про лигага тушиб кетиш эҳтимоли: Жуда паст

Олдинда турган ўйинлар:

“Сурхон” – “Динам”

“Нефтчи” – “Сурхон”

Surxon

“Учар тулпорлар” сўнгги 6 турда 13 очко жамғариб лигада қолиш вазифасини деярли ҳал қилди. Ҳозир, мўжизагина уларни пастга тушиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Соддароқ қилиб айтганда, олдиндаги 2 турда жамғарилган 3 очко расман “Сурхон”нинг элитадаги ўрнини сақлаб қолиши учун етарли бўлади.

Мигел Алварес шогирдлари ҳозир жанговор “спорт формага” киргани ҳеч кимга сир эмас. Испанлашаётган “учар тулпорлар”нинг ўйинида ўсиш кузатилани факт. Бу ҳақида жамоа менежери сифатида иш бошлаган Ҳамиджон Актамов сайтимиз учун берган интервьюсида ҳам таъкидлаб ўтди. Расман сурхандарёликлар элитада жон сақлаб қолишни уддаламаган бўлса-да, амалда деярли 90 фоизни ишни бажариб бўлди. Боз устига, 25-турда чемпионат аутсайдери – “Динамо”ни ўз уйида қабул қилиши қўшимча имконият тақдим этади. Бу баҳсда мезбонлар 3 очко ишлай олса, “Нефтчи” билан баҳс шунчаки 10-поғона учун жаннгга айланиб кетиши мумкин.

Рельсдан чиқиб кетган “Локомотив”

Про лигага тушиб кетиш эҳтимоли: Юқори

Олдинда турган ўйинлар:

“Сўғдиёна” – “Локомотив”

“Локомотив” – “Металлург

локо3

24-турдан ўрин эгаллаган “Локомотив” – “Навбаҳор” учрашувидаги мағлубият “темирйўлчилар”нинг пастга қулашга янада яқинлаштирди. Қайсидир маънода бу омадсизликда жамоа раҳбариятининг айби катта. Жамоавий ўйинни йўлга қўйиб олган Денис Коростиченкони кутилмаганда истеъфога чиқариш “Локо”га қимматга тушди. Сервер Жепаров қўл остидаги кетма-кет мағлубиятлардан сўнг, жамоа яна Коростиченкони ортга қайтарди, аммо поезд кетиб бўлган эди. Олдинда турган ўйинлардан келиб чиқсак, “Локо”да 2 ўйинда 6 очко ишлаш имконияти жуда паст. Агар бу иш уддаланса ҳам, “Сурхон” ва “Қўқон-1912”нинг ўз ўйинларида очко олиши “Локо”ни якунда 13-поғонада қолишга мажбур қилиши ҳеч гап эмас. Пойтахтликлар элитада жон сақлаб қолиши учун асосий рақобатчиси – “Қўқон-1912” яқинлашиб келаётган икки турда очко ишлай олмаслиги шарт. Ана шундагина, “темирйўлчилар” 3 очко билан ҳам пастга қулаб кетишдан қутилиб қолиб, ўтиш учрашувида иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бир қарашда уддаласа бўладигандек, аммо амалда “Қўқон-1912” ҳам воқеалар ривожини жим кузатиб турмаслиги аниқ.

Ҳали эрки ўз қўлида бўлган “Қўқон-1912”

Про лигага тушиб кетиш эҳтимоли – ўрта

Олдинда турган ўйинлар:

“Қўқон-1912” – “Бунёдкор”

“Динамо” -  “Қўқон-1912”

Қўқон-19122

“Локо”дан фарқли ўлароқ, “Қўқон-1912”нинг тақдири қисман ўз қўлида. Балки олдиндаги икки ўйинда 6 очко жамғариш орқали “Сурхон”ни қувиб ўтиши мумкиндир.... Шу билан биргаликда, омадсизликка учраб “Локомотив”дан камроқ очко жамғариб, пастга “шўнғиши” ҳам ҳеч гап эмас. Анчагина қалтиз вазият. Олдинда Бошковичнинг “тўполончи” болалари билан кескин тўқнашув кутиб турибди. Сўнгги турда эса Про лигага барчадан аввал чипта харид қилган “Динамо” билан Самарқанддаги оғир ўйин кутиб турибди. Даврон Файзиев шогирдлари элитада қолиш учун икки учрашувда камида 4 очко жамғариши шарт. Бу камида ўтиш ўйини (пулка)да иштирок этишини таъминлайди. Агар “Сурхон” 2 беллашувда 3 очко ишласа, қўқонликлар 11-ўриндан умидни узади. Улар ўртасида ҳозир 4 очко фарқ бор. Шу боис, “Қўқон-1912” агар “пулка”дан ҳам қутилиб қолмоқчи бўлса, “Сурхон” икки баҳсда ҳам енгилишини кутиш ва ўз ўйинларида 6 очко жамғариши шарт.

Вазият анчагина чигал. Ҳаммаси 26-тур якунидагина ойдинлашади. Унга қадар тахминимиз қуйидагидек:

“Сурхон” – элитада қолади!

“Қўқон-1912” – “пулка”да ўйнайди!

“Локомотив” – узоқ танаффусдан сўнг Про лигага қайтади!

 

Я . У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!