"Канело" ҳамда Бивол жангида кимнинг имконияти юқори? Ўзбек бокс олами вакиллари жавоб берди
Хабарингиз бор, 7 май куни жаҳон профессионал бокс оламида муҳим жанг бўлади.
Яъни, россиялик Дмитрий Бивол Мексика вакили ҳамда Pound For Pound етакчиси Сауль "Канело" Альваресга қарши рингга кўтарилади.
Биз анъанага мувофиқ, ушбу жангдаги имкониятлар борасида ўзбек бокс олами вакилларини фикри билан қизиқдик.
Тўлқин Қиличев - мураббий
- Шахсан ушбу жангни бевосита аренадан томоша қиламан. Сабаби, бу кечада Элнур Абдураимов ҳам ўз жангини ўтказади. Энди, имкониятларга тўхталсак, "Канело" асосан кучга ишлайди. Бивол эса, масофани тутган ҳолда, жангни ўз фойдасига ҳал қилишга уриниб кўради. Биволда Ковалёвдан фарқли равишда жисмоний ҳолат ҳам яхши, шунингдек, у анчагина ёш. Қолаверса, рингни ҳам яхши ҳис қилади. Бу жангда нокаут қайд этилади, деб ўйламайман. Очколар ҳисобида Бивол ғалаба қозонади. Лекин ҳакамлар қандай қарорга келади, бу қоронғу... Унинг мактаби ҳам менга ёқади. Бивол жангга Ўзбекистонда тайёргарлик кўрди. Юртимиз таомларининг кучини ҳамда ватанимизнинг баракасидан олиб кетди. Ўйлайманки, Бивол бу жангда ғалаба қозонади. Шунга тилакдошмиз!
Фаррух Қиличев - мураббий
- Бу жанг анчагина шиддатли кўриниш олиши аниқ. Имкониятлар борасида бирор фикр билдира олмайман. Бироқ, Биволга мухлислик қиламан. У юртимизда ташриф буюрди, машғулотлар олиб борди. Кўришдик, гаплашдик ва у жуда яхши инсон эканлигига амин бўлдик. Унинг ғалаба қозонишга умид қиламиз.
Бобур Нажмиддинов - мураббий
- Икки хил услубдаги боксчилар тўқнашувини гувоҳи бўламиз. Бивол асосан оёқ ҳаракатлари ва ҳужумга эътибор қаратса, "Канело" қарши ҳужумда уни тутишга ҳаракат қилади. Ким ушбу жангда тўлиқ 12 раундга хос тактика қўлласа, ўша ғалаба қозонади. Гарчи, Биволга мухлислик қилсак-да "Канело"да имконият кўпроқ. Имкониятлар 60/40 Сауль фойдасига.
Фазлиддин Ғоибназаров - боксчи
- Қизиқарли жангни томоша қиламиз. Гарчи, битта катта вазнда рингга кўтарилаётган бўлса-да, "Канело" барибир кучли ва унда имконият юқори. Бироқ жанг тўлиқ давом этадиган бўлса, очколар ҳисобида аниқ Бивол ютади, деган фикрдаман.
Ҳасанбой Дўсматов - боксчи
- Жуда қизиқарли жанг бўлади. Ҳар иккисини мукаммал боксчи, деб айта оламан. Жанг 12 раунд давом этади ва Биволда ютиш имконияти бор.
Ферузбек Юлдашев - мураббий
- Ушбу баҳсга тўхталадиган бўлсак, "Канело" сўнгги жангдаги каби ҳаракат қилса, Бивол бу тўқнашувни ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин. Чунки, Сауль сўнгги жангида оғирлашиб қолгандек таассурот уйғотганди. Бироқ, мексикалик барибир жуда тажрибали ва у ҳар қандай рақибни ўз йўриғига юрғаза олади.
Мирзакамол Неъматов - боксчи
- Ҳар иккиси жуда кучли боксчи, иккиси ҳам чемпион. Жуда қийин баҳсни ўтказишади. Бироқ Сауль Альваресда ушбу жангни ютиш имконияти кўп ва у ғалаба қозонади, деб ўйлайман.
Баҳромжон Фозилов - боксчи
- Ҳозирги кунда Биволда ҳам яхши имконият мавжуд. У ўсиб келаётган боксчи. Аммо "Канело"га қарши жангда унга жуда қийин бўлади. Чунки мексикалик боксчи жуда яхши жисмоний ҳолатга эга ва у бу жангда ғалаба қозонади, деб ўйлайман.
Фикрлар