Каннаваро: Кутиб чарчадим!
Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёрлаётган италиялик бош мураббий Фабио Канавваро Sky Sports журналистларига берган интервьюсида иш танлашига боғлиқ омилларни келтириб ўтди.
- Мен нега Ўзбекистон терма жамоасини бошқариш таклифини қабул қилишга розилик бердим?
Чунки бу терма жамоа жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Биз учун бу ҳақиқатан жуда катта мусобақадаги биринчи тажриба бўлади. Мен “биз учун” деганим бежиз эмас, чунки менинг шогирдларим учун мундиал ҳақиқий тажриба мактаби бўлади ва улар турнирда жуда кўп нарсани ўрганиш имконига эга бўлади.
Очиғини айтадиган бўлсам, мен таклиф кутиб чарчадим. Аввал бошдан мен Италияда ишлашни режалаштирган эдим. Аммо бунақа имконият юзага келмаганидан кейин фаолият географиясини кангайтириш ва бошқа муҳитда тажриба ошириш тўғри бўлади, деган қарорга келдим, - деди Фабио Канавваро.
52 ёшли мутахассис футболчилик даврида кўплаб нуфузли совринларни қўлга киритган. Ўз даврининг энг зўр ҳимоячиларидан бўлган Фабио Италияда “Наполи”, “Парма”, “Интер”, “Ювентус”, Испанияда “Реал Мадрид” ва Бирлашган Араб Амирликларида “Ал-Аҳли” каби машҳур клублар шарафини ҳимоя қилган.
Фабио Каннаваро Италия терма жамоаси сафида 2006 йилги жаҳон чемпиони ҳисобланади ва шу йилнинг ўзида футболчиларнинг энг нуфузли индивидуал соврини “Олтин тўп”ни қўлга киритган.
Каннаваро мураббийлик фаолияти давомида Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Саудия Арабистони, Италия ва Хорватияда фаолият юритди. Бироқ катта ютуқларга эришгани йўқ.
Шунга қарамай, бу мутахассис 2025 йилнинг 6 октябрида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Унинг штабидан ёрдамчи мураббий Эуженио Альбарелла, жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Троизе Франческо ва дарвозабонлар мураббийи Антонио Кименти жой олди.
Фабио Каннаваро қўл остида Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлабки икки ўртоқлик учрашувида Кувайт терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Кейин жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан ҳисобланган Уругвайга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида 2026 йилги жаҳон чемпионатининг тўрт иштирокчиси ўртасида ташкил этилган халқаро ўртоқлик турнирида Муҳаммад Салоҳ етакчилигидаги Миср терма жамоасини 2:0 ҳисобида енгиб, финалга чиқди. Ҳал қилувчи баҳсда Эрон билан голсиз дуранг қайд этилди ва пенальтилар сериясида футболчиларимиз 4:3 ҳислбида зафар қучиб, 2025 йилдаги иккинчи совринига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин терма жамоамиз сентябрь ойида ташкил этилган “2025 CAFA Nations Cup” халқаро мусобақасида ҳам финалда Эронни енгиб, бош совринга эга чиққан эди.
Жойини Нуньешдан қайтиб олган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?



Комментарии