Ҳусановнинг энг кучли тўрт жиҳати айтилди

  • 19 декабрь, 07:06
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Манчестер Сити” футболчилари Англия лигаси кубоги чорак финалида “Брентфорд”ни 2:0 ҳисобида енгиб, ушбу мусобақанинг бош совринига яна бир қадам яқинлашди.

Tecno

“Брентфорд”га қарши учрашувда Хосеп Гвардиола кейинги пайтда захирада қолиб кетаётган ўйинчиларни синовдан ўтказди. Айтиш мумкинки, улар ўз олдига қўйилган вазифаларини уддалаб, мураббийлар штабининг эътирофига сазовор бўлди. Хосеп Гвардиола ҳам шу пайтга қадар майдонда кам ҳаракат қилган футболчилар бу баҳсда ҳақиқатан жуда зўр ўйнаганини тан олди.

Учрашувнинг асосий фигураларидан бири Абдуқодир Ҳусанов бўлди. 16-дақиқадаёв майдондан ҳайдалиши мумкин бўлган 21 ёшли легионеримиз ўйиннинг қолган қисмида ҳимояни мустаҳкам ушлади. Буни унинг жамоадоши Дивайн Мукаса ҳам алоҳида тилга олди.

- Ҳусановдан ўтиб кетиш жуда қийин. У ўта тез, ҳаракатчан ва ҳар доим керакли жойда пайдо бўлади. Абдуқодир “Брентфорд”нинг деярли барча хавфли ҳужумларини ўз вақтида ўқиб, уларни тўхтатиб қўйди. Голли вазиятларни тўлиқ бартараф этди. Шунинг учун у, шубҳасиз, алоҳида эътирофга лойиқ, - деди Мукаса.  

Англия футболи экспертлари Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинларини таҳлил қилиб, унинг устун томонларини айтишди. Хусусан, Ҳусанов 90 дақиқа давомида Пеп Гвардиола қўллаган ўйин тизимида муҳим бўғинга айланди. Ҳимоячи нафақат ўз вазифаларини бажарди, балки ҳужумларни қуришда ҳам фаол иштирок этди. Унинг паслар аниқлиги 92 фоизни ташкил қилди.  92 та пасдан 85 таси муваффақиятли чиқди. Ҳимоя фазасида эса унинг ҳисобида 6 та тўпни узоқлаштириш, 7 та тўпни қайтариб юбориш ва 4 та тўпни олиб қўйиш каби фойдали ҳаракатлар кузатилди.

Таҳлилчилар Ҳусанов ўйинидаги асосий жиҳатларни қуйидагича ажратиб кўрсатишди:

Биринчиси – психологик барқарорлик. 16-дақиқадаёқ сариқ карточка олганига қарамай, ҳимоячи хотиржамлигини сақлаб қолди ва ўйиннинг қолган қисмини хатосиз ўтказди.

Иккинчиси – позицияни ҳис қилиш. Айнан шу жиҳат Абдуқодирга бир қатор муҳим вазиятларда тўпни олиб қўйиш имконини берди.

Учинчиси – босим остида тўп билан хотиржам ишлаш.  Бу жамоага ҳимоядан ҳужумга тез ва  самарали ўтишга ёрдам берди.

Тўртинчиси – тезкорлик. Иккинчи бўлимда Ҳусанов нега “Сити”да уни шу даражада жуда юқори баҳолашларини яна бир бор исботлади. Ўзбек футболчиси ҳимояда ажойиб ўйнади, унинг тезлиги “Манчестер Сити” ҳимояси учун энг муҳим устунликлардан бири бўлди. Шунингдек, футболчи ҳаводаги дуэлларнинг 75 фоизида ғалаба қозониб, ўз жарима майдонида тўлиқ устунлик қилди.

“Брентфорд” устидан ишончли ғалаба “шаҳарликлар” учун турнир ярим финалига йўл очди. Британия матбуоти жисмоний куч билан техник маҳорат уйғунлиги Ҳусановни жорий таркибдаги энг истиқболли ҳимоячилардан бирига айлантираётганини таъкидламоқда.

Эндиликда Хосеп Гвардиола шогирдларини ярим финалда “Ньюкасл”га қарши жиддий синов кутиб турибди. Ҳусановнинг сўнгги ўйиндаги барқарорлиги, Лига кубоги финалига чиқиш учун бўладиган бўлажак баҳсда ҳам у асосий таркибда ўз ўрнини сақлаб қолиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

 

Шок: Ҳусановни ҳайдаш керак!
Экспертлар қўпол ўйнаган Ҳусановнинг ҳаракатларини қандай баҳолади?

Ниҳоят, Ҳусановни майдонда кўрамиз!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!