Каннаваро Португалиядан учралган мағлубиятга изоҳ берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг 2-тури доирасида Португалияга қарши майдонга тушди. Мазкур беллашувда вакилларимиз 5:0 ҳисобидаги йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.
Учрашувдан сўнг терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро натижа юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Албатта, Жаҳон чемпионатидаги илк иштирок осон бўлмаслиги табиий. Қуръа натижалари чиққанидан сўнг Колумбия ва Португалияни кўриб, бизни жуда қийин гуруҳ кутаётганини билгандик.
Колумбияга қарши ўйиндан кейин ҳам жамоамдан фахрланишимни айтгандим, бугун ҳам шундай фикрдаман. Чунки футболчиларимни кўрдим. Ҳа, улар қийинчиликларга дуч келишди, аммо бир сония ҳам таслим бўлишмади.
Албатта, барча чизиқларда юқори савиядаги футболчиларга эга жамоага қарши ўйнаш доим қийин. Шубҳасиз, улар майдонга катта мотивация билан тушишди.
Бироқ айтганимдек, бу Жаҳон чемпионати биз учун катта тажриба бўлмоқда", — деди Каннаваро.
Маълумот учун, Ўзбекистон гуруҳ босқичининг сўнгги турида Конго ДР терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Фикрлар