Карлос Алькарас Уимблдондаги ғалабасини Испания терма жамоаси билан бирга нишонлайди
"Катта Дубулға"нинг тўрт карра ғолиби испаниялик теннисчи Карлос Алькарас "Уимблдон-2024"даги ғалабасини футбол бўйича Европа чемпионига айланган Испания терма жамоаси билан бирга нишонламоқчи. Бу ҳақда Marca хабар бермоқда.
Манбага кўра, Алькарас "Катта Дубулға"даги тўртинчи ғалабасини Мадридда 15 июль оқшомида нишонлайди. Гап шундаки, Алькарас футбол ва Испания терма жамоасининг ашаддий мухлиси, шу боис у иккита қувончли воқеани битта катта байрамга бирлаштирмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль, якшанба куни 21 ёшли Алькарас Уимблдон-2024 чемпионига айланганди. Финалда у “Катта дубулға” туркумига кирувчи мусобақаларнинг 24 карра чемпиони сербиялик Новак Жоковични учта сетда мағлуб этди. Уимблдон 2024дан олдин у US Open 2022, Уимблдон 2023 ва Ролан Гаррос 2024 мусобақаларида ғолиб чиққан.
14 июндан 14 июлга қадар Германияда Европа чемпионати бўлиб ўтди. Турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида Испания терма жамоаси Англия терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. “Қизил Фурия” шу тариқа ўз тарихида тўртинчи марта Европа чемпионига айланди. Бу рекорд натижа ҳисобланади.
Фикрлар