Катанец биланми ёки усиз?! Нима ўзгаради?

TIGGO 2 PRO

Сречко Катанецнинг соғлиғи билан муаммолар сабабли Доҳа бўладиган йиғинни ўтказиб юбориши кўпчиликни эътирозига сабаб бўлгани рост. Хўш, муаммо нимада? Унинг кейинги тақдири нима бўлади? Терма жамоа бундан ҳозир ютадими ёки ютқазади? Шу мавзуга имкон қадар кичик матн билан ойдинлик киритамиз.

Словениялик мутахассис 2024-йилнинг ўзида ЖЧ саралашидаги ўз уйимиздаги иккита катта ўйинни (БАА ва Эрон) соғлиғидаги муаммолар сабабли онлайн томоша қилган эди. Бундан аввалроқ, "CAFA cup" финалида ҳам биз уни постида кўрмаган эдик. Кейин журналистлар бу масалада унга савол берган ва жавоб кўпчиликни ёдида бўлса керак:

- Терма жамоамизни ЖЧга олиб чиқишга руҳан ва жисмонан тайёрмисиз?

- Соғлигим ҳақида гапирадиган бўлсам, анча вақт кетиб қолади. Ўз вақтида саломатлигимга қарамаганман ва ҳозир даволанишга тўғри келмоқда. Агарда 3-марта кетадиган бўлсам, қайтиб келмайман. Ишонаманки, бу нарса бўлмайди. Мен ЖЧга чиқиш учун руҳан тайёрман.
Унинг 2024-йилнинг 5-июн санасида билдирган фикридан сўнг, ишқибозлар хотиржам бўлган эди, аммо кўп ўтмай яна шу хол такрорланди. Умумий ҳисобда, бу Мистер Катанецнинг ўтказиб юбораётган 4-ўйини. Аслида, гап унинг жаҳл устида айтган гапида ҳам эмас. Келинг, вазиятга яхшироқ назар ташлаш учун мавзуга чуқурроқ кирамиз.


Қатардаги ҳавога учган ўқув-йиғин машғулотлари!

Мураббий бир неча йил давомида ички биринчиликдаги янги номларга имкон бермаганлиги учун танқид қилинди. Кейин, МТЖда ротация йўқ эканлиги ҳам кескин фикрларга сабаб бўлди, аммо ҳеч қандай реакция бўлгани йўқ. Асосий ўйинлар ўтиб бўлгач, каттагина танаффус юзага келди ва йиғин белгиланди. Кутилган номлар чақирилди ва легионерлар безовта қилинмади. Якунда, мураббий ўзи иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Энг ачинарли томони, бу йиғинда ўзини кўрсатмоқчи, исботламоқчи бўлиб келган кўплаб футболчилар бу сафар ҳам Сречко Катанес эътибор марказидан тушиб қолади.

Унинг ёрдамчилари, Эрон билан баҳсда футболчи алмаштиришга юрак бетламаганини инобатга олсак, қайсидир футболчини бош мураббийга тавсия қилишига ишониш қийин. Етмаганига, бу йиғин ҳозир мавсум олди машғулотларга киришга ва жисмоний ҳолатини тиклаш учун интенсив шуғулланаётган Суперлига клубларини зиёнига ишлади. Янги мавсум олдидан энг муҳим жараёнда етакчиларнинг бўлмаслиги тайёргарлик процессига салбий таъсир кўрсатади.

 

Иордания билан баҳс муҳимми?

Умуман олганда, бу ўртоқлик учрашуви мақомига ҳам эга бўлмаган ўйин. ФИФА таснифига кўра, иккинчи категорияда бўлиб ўтади. Яъни, мураббийлар исталганича ўйинчи алмаштириши мумкин. Унда қайд этилган натижа ФИФА рейтинги учун ҳеч қандай очко бермайди. Футболчиларни кўриб олиши керак бўлган Мистер Катанецнинг келмаслиги ва ўйинни аҳамияти пасайганини ҳисобга олсак, бу йиғиннинг аҳамияти анча йўқолгани бор гап.

Катанец бугун бизга керакми?

Энг ачинарли томони шундаки, ҳозир МТЖ словениялик мураббий сабабли жуда мураккаб вазиятга тушиб қолди. Ҳозир, уни истеъфога чиқариш катта таваккалликка қўл уриш дегани. Уни ўрнини эгаллайдиган мутахассис қисқа муддат ичида қизиб турган қозонда ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Мураббийга ишонишда давом этсак, унинг ярим куч билан термани бошқараётганини ҳазм қилишга мажбур бўламиз. Соғлиқ билан муаммо борлиги маълум бўлганидан сўнг, мураббийни ишида камчиликлар кўрина бошлагани бор гап. Кўриниб турибди-ки, ҳозир ўзбек футболи Катанец қолса ҳам, кетса ҳам деярли бирдек риск қилмоқда.

Агар бу вазиятга мураббий ракурсидан қаралса, унинг учун икки ҳолат ҳам фойдасига ишлашини кўриш мумкин. Агар постни топширса, компенсация сифатида контрактидаги барча маошни олади ва ўз рейтингини анча кўтариб олган холда кичик танаффусдан сўнг бошқа жамоада иш бошлайди. Постида қолса, ЖЧ йўлланмасига эга чиқиб сўнгги 22 йиллик мураббийлик карьерасидаги энг катта ютуққа ортиқча куч сарфламай эришади.

Биздаги маълумотларга қараганда, ЎФА мураббийга охиригача ишонч билдиради. Бошқачароқ қилиб айтсак, ҳеч ким масъулиятни бундай оғир вазиятда ўз бўйнига олишни истамайди. Демак, сабр қиламиз. Ҳаммаси яхши бўлиб кетишига умид қиламиз. Ё сизда бошқа вариант борми?!

Ойбек Йўлдошев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abat Berdimuratov
20/01/2025 16:35
Aslida bu guruhga Marchello Lippi Mourinyo kabi murabbiylar shart emas ozimizning Qosimov Kapadzelar ham olib chiqa olar edi. Lekin biz katta xatoga yol qoydik aslida Katanecni olib kelib, bizlarga oyin sistemasini qura oladigan tarkibga qaysi futbolchini olib kelsakham bir xil oynaydigan oyinni quradigan murabbiy topishimiz kerak edi