Кевин Де Брюйне Мессининг ёнига кетади
АҚШнинг энг машҳур клубларидан «Интер Майами» Италиянинг «Наполи» клуби ва Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кевин Де Брюйне билан шартнома имзолашни режалаштираётгани хабар қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, америкаликлар футболчига аввал ҳам қизиқиш билдирган, аммо ўшанда таклиф рад этилган эди. Энди эса 35 ёшга кирган Де Брюйне карьерасини АҚШда давом эттириш имкониятини жиддий кўриб чиқмоқда. Бельгиялик футболчининг «Наполи» билан амалдаги шартномаси 2027 йил июнида якунланади. Transfermarkt.de портали ҳозирча унинг бозор қийматини 8 миллион евро атрофида баҳоламоқда.
Ўтган мавсумда Кевин Де Брюйне «Наполи» сафида барча мусобақалар доирасида 21 ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 4 та голли пас муаллифига айланди. Ундан олдин бельгиялик ярим ҳимоячи «Генк», «Челси», «Вердер», «Вольфсбург» ва «Манчестер Сити» таркибида ҳам ўйнаган.
«Интер Майами» таркибида эса ҳозирча асосий юлдуз сифатида аргентиналик Лионель Месси қайд этилмоқда. Шунингдек, жамоа шарафини Родриго Де Пауль, Каземиро ва Луис Суарес каби таниқли футболчилар ҳам ҳимоя қилмоқда.

Фикрлар