Ўзбекистоннинг навбатдаги рақиби УЕФА ва ФИФАдан чиқариб юборилиши мумкин
Вазият қалтис ва ечимини кутмоқда
Россия футбол иттифоқи (РФС) мамлакатнинг янги ҳудудларидан келган клубларни профессионал мусобақаларга қўшиш масаласини ҳал этиш учун бир неча вариантни кўриб чиқмоқда. Бу орқали ташкилот ўзини УЕФА ва ФИФА аъзолигидан чиқариб юборилиши мумкин бўлган хавфдан сақлаб қолишни мақсад қилган, деб хабар бермоқда инсайдер Иван Карпов маълумотига таяниб.
Муҳокамаларга сабаб «Севастополь» клубининг Иккинчи лига дивизион А босқичига йўл олиши бўлди. 6–8 ноябрь кунлари Москвада дивизион Б гуруҳлари ғолиблари ўртасида «финал тўртлик» баҳслари ўтказилди. Турнирда тамбовлик «Спартак» ғолиб чиқди, бироқ лигада юқори босқичга кўтарилиш ҳуқуқини «Муром», «Севастополь» ва «Химик» ҳам қўлга киритди.
Муаммо шундаки, 2014 йилда Қрим Россия таркибига киритилганидан сўнг УЕФА РФСга ушбу ҳудуддан жамоаларни расмий мусобақаларга қўйишни тақиқлаган. Шу боис Иккинчи лига дивизион Б босқичи расман ҳаваскор мақомига ўтказилган эди.
Ҳозирда учта асосий сценарий муҳокама қилинмоқда.
Биринчи вариантга кўра, Иккинчи лига тўлиқ тарзда Футбол миллий лигаси (ФНЛ) ихтиёрига ўтказилади ва турнирни ўтказиш учун масъулият шу лига зиммасига юкланади.
Иккинчи сценарийда А дивизион расман РФС тасарруфида қолади, аммо унинг иштирокчиларини шакллантириш ҳуқуқи ФНЛга берилади.
Учинчи вариантга кўра, «Олтин» ва «Кумуш» гуруҳларини ўз ичига олган А дивизион ярим ҳаваскор мақомига ўтказилади.
Бу орқали янги ҳудудлар клублари иштирокини расмий профессионал мусобақалардан формал жиҳатдан ажратиш, шу йўл билан халқаро футбол ташкилотларининг эътирозларини олдини олиш кўзда тутилмоқда. РФС ушбу масала бўйича якуний қарорни декабрь ойи бошида қабул қилиши кутилмоқда.
Россия футбол иттифоқи (РФС) ҳозирча расман ФИФА ва УЕФА аъзоси бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Россия терма жамоалари ва клубларига бу ташкилотлар шафеълигидадаги мусобақаларда иштирок этишга номуддат тақиқ қўлланилган. Шунинг учун ҳам Россия миллий терма жамоаси халқаро миқёсда фақат ўртоқлик учрашувлари билан чекланмоқда. Россияликлар навбатдаги учрашувни 12 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон миллий терма жамоасига қарши ўтказади.

Изоҳлар (0)