Кейн, Холанд, Мбаппе. Гвардиола кимни танлайди?
"Манчестер Сити" жорий мавсум АПЛнинг 30 ўйинидан 22 тасида ғалаба қозонди ва турнир жадвалида ишончли тарзда пешқадамлик қилмоқда. Хосеп Гвардиола шогирдлари бундан ташқари, Чемпионлар Лигаси, Англия кубоги ва Англия Лига кубогида ғолиблик учун курашни давом эттирмоқда. "Шаҳарликлар"нинг бу устунлиги уларнинг заиф нуқталари йўқлигини англатмайди. Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо "Манчестер Сити" рақиб дарвозаси олдида у қадар катта кучга эга эмас.
Биринчидан, ўртача кўрсаткич пасайиб кетди: "шаҳарликлар" ўтган уч мавсумда ҳар бир ўйинда ўртача 2,5 та гол ўрнига, жорий чемпионатда 2,1 та гол урмоқда. Иккинчидан, премьер-лигада жамоанинг энг яхши тўпурарлари кучли учлигида марказий ҳужумчи йўқ: ярим ҳимоячи Гюндоганнинг ҳисобида 12та, Стерлинг ва Махрезда 9 тадан аниқ зарба бор. Соф марказий ҳужумчи Габриель Жезус ҳисобида 7 та гол мавжуд.
Бразилиялик футболчи Агуэро даражасига етишига ҳали анча бор. Габи жорий мавсумда жароҳатлар ва касалликлар туфайли кам ўйнаган ва мавсум охирида "Манчестер Сити"дан кетишини эълон қилган Агуэро ўрнига муносиб ўринбосар сифатида қаралмаяпти. Шу сабабли, “Сити” янги ҳужумчига муҳтож.
Таъкидлаш керакки, Хосеп Гвардиола “Этихад”да ўтказган сўнгги 5 йил давомида янги футболчилар сотиб олиш учун 950 млн евро сарфлади. Дунёдаги ҳеч бир мураббий бир клубда трансферлар учун бу қадар катта маблағ сарфламаган. Яқинлашиб келаётган ёзги трансферлар даврида ушбу рақамлар 1 миллиарддан ҳам ошиши аниқ. Қолаверса, дунёдаги бирор бир мураббий жамоасига топ даражадаги ҳужумчи олиб келинишига қаршилик қилмайди.
Қуйида Серхио Агуэро ўрнига келиши мумкин бўлган ҳужумчилар билан танишиб ўтамиз.
Эрлинг Холанд («Боруссия Дортмунд»)
Норвегиялик футболчи Килиан Мбаппе билан бир хил даражадаги ҳужумчи сифатида баҳоланади. У яқин ўн йилликнинг энг яхши футболчиси бўлишга даъвогарлардан бири ҳисобланади. Холанд - бу ҳақиқий гол машинаси ва унинг статистикаси буни тасдиқлайди. Эрлингнинг отаси Альф-Инге "Манчестер Сити"да ўйнаган, шунинг учун клуб ва ҳужумчи ўртасида алоқа азалдан мавжуд. Ўз навбатида, янада замонавий ва кўп қиррали ҳужумчилар Гвардиоланинг ўйин услубига мос тушишига ҳам шубҳа бор.
Харри Кейн («Тоттенхэм»)
"Тоттенхэм" юлдуз ҳужумчисини қўйиб юборишни истамаяпти, аммо Харрининг ўзи кетишни илтимос қилиши мумкин, чунки "шпорлар" катта эҳтимол билан янги мавсумни Чемпионлар лигасисиз ўтказади. Қолаверса, ёзда ўзининг 28 ёшини қарши оладиган Кейн шу пайтгача бирорта соврин қўлга киритмади. Агар унга "Сити"дан таклиф бўлса, "Тоттенхэм" 2024 йилгача тузилган шартномага қарамай, ўз етакчиси ва сардорини сақлаб қолиши жуда қийин бўлади.
Англияда Кейн "Манчестер Сити" таркибида Агуэронинг ўрнини эгаллаши мумкинлиги ҳақида жиддий тахминлар мавжуд бўлса-да, маҳаллий мутахассислар Кейннинг маҳорати, АПЛдаги муваффақиятли ўйинлари ва инглиз футболидаги тажрибасига қарамай, унда техниканинг етишмаслиги Хосеп Гвардиоланинг ўйин услубига мос келмайдиган камчиликлардан бири, деб ҳисоблашади. Шу билан бир қаторда, мутахассислар орасида ушбу фикрга нисбатан муқобил фикр билдирувчилар ҳам бор. Уларнинг фикрича, агар сиз кўп пул сарфласангиз, аллақачон фаолиятининг энг юқори чўққисига чиққан ҳужумчини эмас, балки энди ўсиб келаётган футболчини сотиб олишингиз керак.
Килиан Мбаппе (ПСЖ)
Тахминларга кўра, Мбаппе тез орада (ёзда) ёки кейинчалик (келаси йил) болалигиданоқ мухлис бўлган «Реал»га кўчиб ўтади, аммо франциялик футболчининг ПСЖ билан шартномаси 2022 йилда тугайди ва у барча топ-клублар учун асосий “нишон”га айланади. Бундан ташқари, “Реал” пандемия шароитида молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Истеъдодли Мбаппе Гвардиола учун ҳам энг зўр трансфер ҳисобланади, аммо уни сотиб олиш осон бўлмайди. Бу ерда яна бир асосий масала бор. Гап шундаки, ПСЖнинг қатарлик хўжайинлари Мбаппени асосий рақобатчи ҳисобланган “Сити”га бериб қўймоқчи эмас. “Манчестер Сити”нинг эгаси ҳам араб дунёсининг энг бой инсонларидан бири эканлигини инобатга олганда, Париж клуби етакчи футболчисини ушбу жамоага бериб қўмаслик учун қўлдан келган барча ишни қилади.
Ромелу Лукаку («Интер»)
Бельгиялик ҳужумчига Англия премьер-лигаси ва Манчестер шаҳри бегона эмас. У аллақачон "Юнайтед" таркибида Манчестерда ўйнаган ва шундан сўнг, Италияга бориб, А Сериянинг 62 ўйинда 42 та гол урди. Лукакунинг самарали фаолияти сўнгги 10 йил ичидаги биринчи “нерадзуррилар”га скудеттони ютиш учун катта туртки бўлмоқда. Аммо, яқин келажакда клуб эгаси ўзгариши кутилмоқда ва бу ўз навбатида, жамоага таъсир қилиши мумкин. Агар "Интер" ўзининг энг яхши ўйинчиларини, шу жумладан бельгиялик форвардни сақлаб тура олмаса, демак Ромелу премер-лигага тўғридан-тўғри йўл олади, у ерда у ҳали сўнгги сўзини айтмаган. Унинг МЮ сафида кўрсатган ўтмишдаги ўйинлари бу борада катта роль ўйнаши мумкин.
Лаутаро Мартинес («Интер»)
Аммо "Интер"да яна бир ҳужумчи бор, у аллақачон Агуэронинг меросхўри, деб ном олган. "Манчестер Сити" да Серхионинг ўрнини Лаутаро эгалласа, бу айниқса, рамзий маънога эга бўлади. Мартинес Габриэль Жезус билан тенгдош ва “ҳайкалтарош” Гвардиола ундан ўз жамоаси учун мукаммал ҳужумчини ясаши мумкин. Айтиш лозимки, ушбу футболчининг ҳам харидорлари талайгина. Шу сабабли, уни сотиб олишда ҳам қийинчиликлар бўлиши табиий.
Жоау Фелиш («Атлетико Мадрид»)
Хосеп Гвардиоланинг ўйин услубига мос тушадиган яна бир ҳужумчи бор. “Атлетико” 2019 йилнинг ёзида Жоау Фелишни “Бенфика”дан нақд 126 млн еврога сотиб олди. Гарчи орадан 2 йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, португалиялик футболчи ўзига сарфланган маблағни оқлагани йўқ. Аммо эндигина 21 ёшга тўлган Фелиш “Атлетико”дан кўра, нисбатан ҳужумкорроқ жамоага ўтса, унинг ўйинлари янада юқорига кўтарилиши мумкин. Ўйинни табиий равишда тушунадиган ва ажойиб техникага эга бўлган Жоао Пепни бошқа номзодларга қараганда кўпроқ қизиқтириши мумкин, чунки у “Сити”нинг ҳужум чизиғини ранг-баранглаштиришга қодир.
Фикрлар