Ким олади? "Реал" икки суперюлдузга нарх белгилади
Мадриднинг "Реал" клуби ёзги трансфер ойнаси давомида ярим ҳимоячилар Эдуардо Камавинга ва Федерико Вальвердени сотиш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда Foot Mercato нашри.
Испаниялик журналист Мигель Серрано маълумотига кўра, клуб раҳбарияти ҳар икки футболчи учун тахминий трансфер нархини белгилаб бўлган.
Франция терма жамоаси аъзоси Эдуардо Камавинга учун мадридликлар 50 миллион евро атрофида маблағ ишлаб топишни режалаштирмоқда. 23 ёшли ярим ҳимоячи 2021 йили "Ренн" клубидан "Реал" сафига 30 миллион евро эвазига қўшилган ва 2029 йилгача амал қиладиган шартнома билан жамоага боғланган. Мадрид клуби унга Англия Премьер-лигаси жамоалари томонидан жиддий қизиқиш бўлишига умид қилмоқда.
Шу билан бирга, қатор испан нашрлари ёзишича, Камавинганинг ўзи "Реал"ни тарк этиш ниятида эмас. Бу эса эҳтимолий келишувни амалга оширишни қийинлаштириши мумкин.
Федерико Вальверде борасида эса "Қироллик клуби" уругвайлик футболчи учун камида 100 миллион евро талаб қилмоқда. Манбага кўра, ярим ҳимоячининг эҳтимолий кетиши фақат спорт натижалари билан боғлиқ эмас. Жамоа кийиниш хонасидаги муаммолар, жумладан, Вальверде билан Орельен Тчуамени ўртасидаги низо вазиятга маълум даражада таъсир кўрсатгани айтилмоқда.
Ёзда "Реал" таркиби жиддий янгиланади. Испания ОАВлари бир неча янги футболчилар келиши, шунингдек, омадсиз мавсумдан сўнг клубни тарк этиши мумкин бўлган ўйинчилар сони кўп бўлиши ҳақида хабар бермоқда.

Фикрлар