Клопп Германияда янги футбол лигаси тузяпти

“Ливерпуль”нинг собиқ бош мураббийи Юрген Клопп Германияда янги футбол лигасини яратиш режалари устида ишламоқда. Бу ҳақда Bild нашри хабар берди.

Манба маълумотига кўра, Клопп Бундеслигага ўтишдан олдин футболчиларга муҳим тажриба орттиришга ёрдам берадиган U21 лигасини ташкил этмоқчи. У мазкур ташаббус устида Маркус Крёше, Сами Хедира, Андреас Реттиг ва Марк Ленц билан бирга иш олиб бормоқда.

Қайд этилишича, янги лига ғояси ёш истеъдодларга асосий жамоаларга кириб бориш қанчалик қийинлашаётгани борасидаги хавотирлар ортиши сабабли юзага келган.

Ташкилотчилар фикрига кўра, ҳозирги тизим камчиликларига бир қатор омиллар киради: Германиядаги атиги 9 та академия Европадаги энг самарали 100 та академия қаторига киради, Бундеслигада Европанинг бешта етакчи лигаси орасида ўз тизимида вояга етган футболчилар сони энг кам, шунингдек, Бундеслигадаги ўйин вақтининг 85 фоизи академиядан ўтмаган футболчилар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳозирги вақтда Клопп Red Bull тузилмасида футбол йўналиши бўйича глобал раҳбар лавозимида фаолият юритмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!